6 Январ 2024 йил 3902

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бепул кийим-кечак олишга келган фуқаролар томонидан юзага келган тартибсизликлар акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 4 январь куни Юнусобод туманида жойлашган “Brend rows” номли савдо дўконида эркаклар учун 300 дона қишки пальто маҳсулотлари текинга тарқатилиши режалаштирилиб, бу хабар “Текинга пальто 300 дона” деб номланган сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган. Натижада кўплаб фуқаролар ушбу дўконга ташриф буюрган ва дўкон олдида тартибсизликлар юзага келган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари ходимлари аралашуви билан жамоат тартиби сақланиб, вазият назоратга олинган, ҳеч ким жароҳатланмаган.         

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ томонидан ўтказилган текширув натижасида “Brend rows” номли савдо дўкони раҳбари 1999 й.т. С.И.га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддасига (“Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш”) асосан, ушбу дўконнинг 9 нафар ишчиларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан С.И.га базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди, 9 нафар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech