Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида гўёки оммавий пичоқбозлик бўлганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур хабар ҳақиқатдан йироқ бўлиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган текширув жараёнида қуйидагилар аниқланган.
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни тахминан соат 20.00 ларда 1988 йилда туғилган Х.Қ. ва 1993 йилда туғилган А.Н. ўртасида қарз масаласида ўзаро келишмовчилик бўлганлиги сабабли Чилонзор тумани Д20-мавзесида гаплашиб олиш учун учрашишган. Орада низо келиб чиққанлиги сабабли Х.Қ. томонидан А.Н.га ўткир тиғли жисм билан бир маротаба жароҳат етказилган, натижада А.Н. “Кўкрак қафаси чап томонлама кесилган санчилган” жароҳати билан тез-тиббий ёрдам муассасасига олиб борилган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамдан сўнг А.Н. шу куннинг ўзида ҳеч кимга даъвоси йўқлигини маълум қилиб, шифохонадан чиқиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.