17 Декабр 2024 йил 524

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни тахминан соат 09.45 ларда Бектемир туманидаги бозорлардан бирида сотувчилар 1982 йилда туғилган Н.Т., 1984 йилда туғилган Н.М. ва 1973 йилда туғилган А.А.лар ўзаро жанжаллашган. Ушбу ҳуқуқбузарликни тўхтатиш мақсадида бозор ҳудудида хизмат олиб борувчи профилактика инспектори И.Гулямов ҳодиса жойига етиб борган. Бироқ фуқаро Н.Т. ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармасдан, безорилик хатти-ҳаракатини давом эттирган. Жанжал натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар А.А. ва Н.М.лар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси («Майда безорилик»), фуқаро Н.Т. 183-моддаси («Майда безорилик») ва 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, суд томонидан жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, ходимнинг видеода акс этган хатти-ҳаракати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний таъсир чораси кўрилиши таъминланади.

Барча янгиликлар

Text to speech