10 Январ 2022 йил 4811

Расмий хабар

Ижтимоий тармоқларда "Malibu" русумли автомашина ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги акс этган видео тарқалмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 9 январь куни тахминан соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Гавхар кўчасида хизмат олиб бораётган Тошкет шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори катта сержант А.Исмоилов томонидан давлат рақами 01V 907 KB бўлган "Malibu" русумли автомашинага ҳужжатларини текшириш мақсадида хуштак ва жезл таёқчаси ёрдамида тўхташ ишораси берилди. Бироқ автомашина ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган. 

ЙПХ инспекторларининг кўрган тезкор чора-тадбирлари натижасида автомашина Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасида жойлашган мост устида тўхтатилган ҳамда ҳайдовчи томонидан содир этилиши мумкин бўлган бошқа оғирроқ оқибатларнинг олди олинган. 

Аниқланишича, автомашинани бошқарган фуқаро 1999 йилда туғилган Р.А.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомашинани бошқариш учун ишончнома ва автомашина ойналарини қорайтириш учун тегишли рухсатномаси бўлмаган. Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 126 (“Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш”), 135 (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”), 194-моддаларига (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Ҳурматли ҳайдовчилар! Сизлардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишингизни ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунишингизни сўраб қоламиз. Ўзингизни ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйманг.

Барча янгиликлар

Text to speech