20 Март 2024 йил 1218

Бизнинг мақсадимиз қулайлик ва хотиржамликни таъминлашдир

Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг асосий вазифаларидан бири бу мамлакатимизга келган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Улар меҳмонларга кутилмаган вазиятларда ёрдам бериш учун биринчилар қаторида етиб келишади.

Яқинда мамлакатимизга сайёҳ сифатида келган Хитой фуқароси Ие Го шундай вазиятга тушиб қолди. У пойтахтимиздаги ресторанлардан бирида таомлангандан сўнг, меҳмонхонасига етиб бориш учун таксига ўтиради. Белгиланган манзилга етиб келгач, автомашинанинг орқа ўриндиғида 2 дона уяли телефонларини унутиб қолдиради ва меҳмонхонага кириб кетади. Эртаси куни эса телефонларини топа олмай, Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” рақамига хабар беради. 

Бош бошқарма Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ тезкор-қидирув хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, автомашина ҳайдовчиси топилиб, уяли телефонлар эгасига қайтарилди. Бундай тезкорликни кутмаган сайёҳнинг хурсандчилиги чексиз эди.

Мазкур бошқармалар ходимларининг тезкорлиги ва уйғунлиги, мамлакатимизда хавфсиз туризмни таъминлашнинг яна бир ажойиб кўрсаткичи бўлди. 


Барча янгиликлар

Text to speech