Тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилди-ю кўпчилик тадбиркор бўлишга интилди. Юртимиздаги маҳсулотни четга олиб чиқиб сотиш,четдан маҳсулот олиб кириш ҳам тадбиркорликнинг бир турига айланди. Ҳар ким ўз билганича пул топмоқда, қонунга зид бўлмаса, бунинг ёмон томони йўқ, албатта. Бироқ Дилшод танлаган йўл қонунга, қонунни қўя туринг, оддий одамийликка ҳам тўғри келмайди.
Воқеа 2022 йилнинг май ойида содир бўлди. Дилшод Абдуҳаким исмли йигит билан танишиб қолди. Ўзини Халқаро Ислом бизнеси агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими деб алдаб таништирди. Ўзбекистонда бизнес лойиҳалари билан 2019 йилдан бери шуғулланиб келаётганини, бир неча бизнес лойиҳалари борлигини, истаса ҳамкорликда ишлашини таклиф қилди. Расмий муомала тили, ўзини тутиши, бенуқсон кийиниши, нутқининг равон ва чиройлиги Абдуҳакимда унга нисбатан ҳурмат ва ишонч уйғотди. Ўз ўрнида “қаҳрамонимиз” бизнес лойиҳасининг моҳияти ҳақида ишбилармонларга хос равишда тушунча бериши бу соҳани “сувдек ичиб” юборганидан дарак берарди. Юртимизнинг олтинга тенг маҳсулотларига жаҳонда талаб кучлилиги ҳақида гапираркан, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини Қозоғистон орқали Россия бозорларига етказиш билан шуғулланишини қистириб ўтди. Агар Абдуҳакимга маъқул келган бўлса, фалонча пул тикса, фалонча фойда кўришини чиройли қилиб ҳисоблаб берди. Абдуҳаким тушундики, қанча кўп пул тикса, шунча кўп фойда оларкан. Дилшод айтган суммаларни эшитган Абдуҳаким ҳушидан айрилаёзди. Сўз миллионлар эмас, миллиардлар ҳақида кетаётганди. Абдуҳакимга катта пулнинг тагида катта ёлғон яширингани, катта хавф борлиги ҳақида ўйлашга эшитган рақамлари имкон бермасди. Ўйламай-нетмай шерикчиликка тайёр эканлигини билдирди. Пуллари бир неча эмас, минглаб баравар кўпайиб қайтишига ишонган Абдуҳаким таваккал қилиб, “ишбилармон” айтганидек 100.000 (юз минг) АҚШ долларини бизнесга тикди.
– Кейинги воқеалар фирибгарлик жиноятининг умумий сценарийси бўйича, яъни “бугун кел, эрта кел, кутиб туринг, ана бўлади, мана бўлади” деган ваъдалар, сўнгра, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслик, манзилидан топа олмаслик кабилар билан жабрдийданинг ахири чув тушганини англаб етмагунича давом этади. Томошанинг якуни битта –ички ишлар идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш билан тугайди, – дейди Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков.
Тергов жараёнида Дилшод Абдуҳакимга етказган моддий зарарни тўлалигича қоплади. Жабрдийда ҳам ўзининг соддалиги, ишонувчанлигидан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйганини тан олиб, Дилшоднинг беш фарзанднинг отаси эканлиги, вояга етмаганларнинг тақдирини ўйлаб, Дилшодга енгилроқ жазо берилишини сўради. Албатта, суд ҳаками буни инобатга олди ва Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди томонидан Дилшод Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200,5 баравари миқдорида, яъни 54.135.000 (эллик тўрт миллион бир юз ўттиз беш минг) сўм жарима жазосини тайинлади.