Профилактик ҳисобдаги ёшлар учун Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканига саёҳат уюштирилди
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўсмирларнинг дам олиш масканига бир ҳафталик саёҳати ташкил этилди.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг турли туманларида профилактик ҳисобда турган 100 нафардан ортиқ бола Бўстонлиқ туманидаги кўркам дам олиш масканларидан бирига таклиф этилди.
Тоза тоғ ҳавоси, гўзал табиат, қизиқарли ўйин-кулги – буларнинг барчаси ўсмирларга куч-ғайрат ва яхши кайфият улашишга сабаб бўлди. Бир ҳафта давомида ўсмирлар спорт мусобақаларида иштирок этиб, тажрибали ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари томонидан уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ўтинда овқат пишириш ва бошқа кўплаб фойдали кўникмалар ўргатилади.
Ёшлар хавфсизлиги ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан назорат қилинади.