32 ёшли Дмитрий (исм-шарифлар ўзгартирилган) иш вақти тугагач, ҳамкасблари билан шошилиб хайрлашдида, айланма йўллар билан автобус бекати томон йўналди. Эрта куз чоғи. Онда-сонда учрайдиган кўча чироқлари хазонрезги қоплаган нотекис йўлакларни ғира-шира ёритади. Дмитрий шошилмай, йўл четида ўсиб ётган ўт-ўланларга диққат билан қараб келаётир. Уни ўсимликлар дунёсига қизиқиб қолди, деб ўйламанг. Ҳафта олдин у қалин ўтлар орасида гиёҳванд моддаси бўлган ўсимликни кўриб қолганди. Ҳозир уни топиш илинжида. Мана у. Эҳтиёткорлик билан бир неча шохини синдирди. Олдиндан тайёрлаб олиб келган қоғозга авайлаб ўради ва курткаси чўнтагига солди. Ўша пайтда у ўз қилмишининг оқибатини ўйламаганди, фақат суднинг қора курсисига ўтиргандагина қилган ишига қаттиқ пушаймон бўлдию, аммо кеч эди. У уйга келиб курткасини илгичга илдию бир мунча вақт бу ҳақда унутди. Бирор ҳафта ўтиб у ўз «гербарийси» учун харидор топиш илинжида эски танишига қўнғироқ қилиб нозик масала бўйича гаплашиб олиши кераклигини шаъма қилди. Илҳом билан Бектемир туманидаги мижозлари гавжум бўлган қаҳвахоналарнинг бирида учрашди. Суҳбат спиртли ичимликларсиз ўтмади. Дмитрий гап устида ўз топилмаси ҳақида гапирганда, Илҳом бундан зудлик билан бирон кўнгилсизлик рўй бермай туриб қутулиш кераклигини айтиб, кетишга чоғланди. Дмитрий унинг огоҳлантиришига қарамай, кўчада нотаниш бир шахс билан яна спиртли ичимлик истеъмол қилади. Мастликда Дмитрий унга гиёҳванд моддаси борлигини, сотиб олишни таклиф этади. Номаълум шахс бўш идиш топиб келишни баҳона қилганча чиқиб кетди, бир мунча вақт ўтмай Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ходимлари билан пайдо бўлди. Дмитрий чўнтагидаги «гербарий»ни ташлаб юборишга уринди, аммо улгурмади.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди Дмитрийни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми (“Гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбли деб топди ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мазкур жиноят иши билан Бектемир тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант ШоҳрухБозоров таништирди.