Охирги тўрт йил 35 ёшли Даврон (исмлар ўзгартирилган) ижарага олган автомашинасида кира қилиш билан шуғулланиб келди. Қиш кунларининг бирида кеч бўлишига қарамай, мижоз қидириб шаҳар кеза бошлади. Пойтахт кўчаларининг бирида икки кишининг машина тўхтатаётгани эътиборини тортди. Даврон “Қаерга?” деб сўради. Мижозлар манзилни айтиб, ҳақини келишишди. Йўл-йўлакай у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб, манзилга етай деб қолганда, мижозларнинг бири қўшимча ҳақ учун кичик бир хизмат таклиф қилди. Бунинг учун Даврон айтилган хонадонга чиқиб, пулини бериб, уяли телефонни келтириб бериши керак бўлади, холос. Хизмат ҳақи 200 минг сўм. Даврон ўйламай рози бўлди. Айтилган уйга яқинлашишди. Мижозлардан бири Давронга 1000 АҚШ доллари (10 та 100 долларлик купюра) ва 300 евро бераркан хонадон рақамини айтди. Даврон керакли қаватга кўтарилиб, эшик қўнғироғини босганди, аёл киши эшикни очди ва ичкарига таклиф қилди. Даврон телефонни қўлига олиб айлантириб текширган бўлди ва аёлга 800 АҚШ доллари берди. Сўнг машинадаги мижозлар телефонни олиб, ваъда қилган пулларни беришди ва Даврон уларни манзилларига элтиб қўйди.
Воқеадан бир неча кун ўтиб Даврон Юнусобод тумани ИИО ФМБ га чақиртирилди. Телефон сотган аёл Даврон берган АҚШ доллари қалбаки эканлигини билдириб, харидорга нисбатан чора кўришни сўраб ёзма мурожаат қилганди. Ходимлар Давроннинг ўтмиши билан танишиб чиққанлиги боис ундан гумонда эди. Гап шундаки, илгари у нашриёт босмахоналаридан бирида механик бўлиб ишлаган, қалбаки купюралар эса айнан офсет усулида тайёрланганди. Иккинчи гумонга сабаб, Даврон жабрланувчи билан телефонда гаплашганини қатъиян рад этаётгани бўлди. Бироқ ўтказилган экспертиза овоз Давронники эканлигини тасдиқлади. Тақдим этилган экспертиза хулосалари, ашёвий далиллар олдида Даврон айбини тан олишга мажбур бўлди. Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Яҳёбек Қаҳрамонов томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 176-моддаси (“Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов тугагач, жиноят иши қонунан чора кўриш учун судга тақдим этилди.