13 Сентябр 2023 йил 778

Президент ҳузурида йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича долзарб масалалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

Президент ҳузурида йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича долзарб масалалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги олти йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошди. Ўтган даврда Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд янги махсус техникалар харид қилинди. 

Бунинг ҳисобига 65 минг километр йўллар қурилди ва таъмирланди. 

Ўтган йилдан “Менинг йўлим” лойиҳаси ишга тушди ва илк бор аҳоли таклифлари асосида ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш тизими жорий қилинди.

Шу йилнинг ўзида 470 та маҳаллада ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 410 миллиард сўм йўналтирилди. 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилди, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.

Йўллар яхшиланиши ҳисобига маҳаллаларда минглаб янги тадбиркорлар иш бошлади, кўплаб корхоналар ишга тушди, ўн минглаб янги иш ўринлари яратилди. (https://t.me/c/1432471980/18576)


Давлатимиз раҳбари йўл соҳасидаги тизимли муаммоларни санаб ўтди.

Ҳудудларда ўтказилган сўровларда аҳоли ички йўлларнинг ҳолати ва сифатини долзарб муаммолардан бири сифатида кўрсатган.

Ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш орқали лойиҳалар қийматини камида 20-30 фоизга қисқартириш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда йўлларни лойиҳалаш меъёрларини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Кичик, ўрта ва катта йўллар учун ҳам, шунингдек, воҳадаги йўллар билан водийдаги йўллар учун ҳам бир хил “шаблон” лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳаларда йўл бўйи инфратузилмасини назарда тутилган ҳолда халқаро йўлларда савдо ва сервис объектларини тартибли жойлаштиришга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. (https://t.me/c/1432471980/18577)


Давлатимиз раҳбари йўл қурилишида “ресурс” усулидан “ҳажм” усулига ўтиш, “ФИДИК” стандартларини жорий этиш таклифларини қўллаб-қувватлади. 

Мисол учун, лойиҳанинг техник топшириғи ҳозирда “ресурс” усулига асосланган. Бунда 1 километр йўл қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.

“Оқибатда техник назоратчилар асосий вақтини йўлнинг сифатини текширишга эмас, пудратчининг ҳужжатларини ўрганишга сарфлайди. Натижа ҳаммага маълум.

Аслида, давлат йўлнинг ўзига талабни белгилаб, уни сифатли қабул қилиши керак. Марҳамат, пудратчи йўлни қандай техника билан қуришини ўзи ҳал қилсин. “Ҳажм” усулининг мазмуни ҳам шу”, - деди Президент. (https://t.me/c/1432471980/18578)


Йиғилишда ҳокимлар ва Автомобиль йўллари қўмитасининг йўллар учун жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш зарурлиги қайд этилди.

Йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Халқаро тажрибада юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозиларини ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланилади. Шундан келиб чиқиб, бундай тарозиларни мамлакатимизда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари тарозилардан фойда олиш учун эмас, аксинча, йўллар сифатини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. (https://t.me/c/1432471980/18579)


Ҳисоб-китобларга кўра, йўлларни нормал ҳолда ушлаб туриш учун йилига камида 15 триллион сўм маблағ керак бўлади.

“Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам йўлларни қуриш ёки таъмирлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилмайди. Шунинг учун биз ҳам бу ишларга хусусий шерикларни фаол жалб қилишимиз шарт”, - деди Президент.

Мисол учун, Европа Иттифоқида йўл хўжалиги соҳасида хусусий шериклик асосида сўнгги 10 йилда 120 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бизда эса бу борадаги ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Йўл соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида инвесторларга қўйиладиган шартлар ва давлатнинг мажбуриятларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди. (https://t.me/c/1432471980/18580)


Шаҳарларда йўлларни сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш вазифалари ободонлаштириш идоралари зиммасида. 

Бу вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш учун шаҳар ободонлаштириш бошқармаларини махсус техникалар билан жиҳозлаш лозимлиги таъкидланди.

Йўл бўйида дарахт экиш ишларини ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олиб ташкил этиш, экилган дарахтларни сифатли парвариш қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. 

Йўл соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий техникаларни бошқара оладиган мутахассисларни тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бугунги кунга қадар ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи жами 2,5 мингдан зиёд камера ва радарлар ўрнатилди. Аҳоли жойларида ҳаракатланиш 60 километр-соатга туширилди. Бунинг ҳисобига камера ўрнатилган ҳудудларда авариялар 30 фоизга камайган.

Бу ишларни давом эттириш, “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизимларини кенгроқ жорий қилиш зарурлиги айтилди. (https://t.me/c/1432471980/18581)


Кўтарилган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берилди.

Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, “Автойўл” қўмитасига автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Лойиҳада йўл ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш бўйича уч йиллик туманбай дастурини, йўл корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашни, йўлларни сақлаш ишларининг бир қисмини хусусий секторга ўтказишни назарда тутиш вазифаси қўйилди.

Эндиликда йўлларни лойиҳалаштиришда комплекс ёндашув бўлади. 

Яъни, қаерда тўхташ жойи бўлади, қаерда дарахт экилади, ёқилғи қуйиш шохобчаси, техник ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашади, деган саволларга лойиҳанинг ўзида тўлиқ жавоб бўлиши керак. Шундан кейингина лойиҳа қабул қилинади. (https://t.me/c/1432471980/18582)


Йиғилишда бундан буён ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратилиши белгиланди.

“Энди қаерда ички йўл қуриш, қаердаги йўлларни таъмирлашни одамларимизнинг ўзи ҳал қилади.

Шундай қилсак, лойиҳани танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик бўлади, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади”, - деди Президент.

Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун 2024 йилда “Менинг йўлим” дастури доирасида 800 миллиард сўм ажратиш топширилди.

Хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқишда янгидан тузилаётган жамғарма имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Бунда, махсус ишчи гуруҳ йўл хўжалиги соҳасида инвестиция ва давлат-хусусий шериклик методологияси ва мезонларини ишлаб чиқади.

Вилоят ҳокимлари билан биргаликда лойиҳалар танлаб олинади ва инвесторларни жалб қилиш учун тайёрланади.

Йиғилиш давомида соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди. (https://t.me/c/1432471980/18583)

Барча янгиликлар

Text to speech