20 Декабр 2023 йил 826

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида IT инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлатимиз раҳбари жаҳон иқтисодиёти шиддат билан ўзгариб бораётган шароитда ҳеч бир соҳани рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини таъкидлади. 

"Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар - коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар",  деди Президент.

Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда:

- таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилди;

- 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди;

- йил якуни билан IT хизматлари ҳажми 10 триллион сўмга етиши (2022 йилга нисбатан – 1,5 баробар кўп), экспорти эса 300 миллион доллардан ошиши (2 баробар) кутилмоқда.

Лекин соҳани янада ривожлантириб, халқаро даражага олиб чиқиш бўйича қилинадиган ишлар ҳали жуда кўп, деди Президент. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20564  


Бу йил IT соҳаси экспорти Тошкент вилоятида – 100 мингдан 4,4 миллион долларга, Самарқандда – 700 мингдан 3,2 миллионга, Андижонда – 60 минг доллардан 2,8 миллион долларга ошиб, юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлари экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди.

Лекин, экспорт Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган ва Сирдарёда 500 минг долларга ҳам етмайди.

Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар IT билан мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотаяпти.

Масалан, фарғоналик ёш дастурчи Брайл алифбосини таржима қиладиган дастур яратиб, АҚШ, Мексика ва Бразилияга 150 минг долларга сотган. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20565 


Давлатимиз раҳбари 2024 йилдан бошлаб ҳудудларда IT хизматларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилишини эълон қилди. Бунда:

- IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;

- иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;

- 50 дан ортиқ IT мутахассисини ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатини 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;

- экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Бу мақсадларга келгуси йилда 65 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги IT паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун келгуси йилда Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналарини очади. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20566 


Умуман, янги имкониятлар ҳисобига 2024 йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробар ошириб, экспортини 800 миллион долларга етказиш зарурлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари бу марраларга эришиш учун чет тили ва ITни биладиган кадрлар зарурлигини кўрсатиб ўтди. 

Рақамли технологиялар вазирлиги олдига келгуси йилда 8 минг нафар энг иқтидорли ёшларни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш, уларни IT компанияларидаги юқори даромадли ишларга жойлаштириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, келгуси йилдан “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси бошланади. 30 минг ёшларни инглиз тилига ўқитиб, IELTSдан камида 7 балл, немис ва бошқа тиллардан B2 сертификати олиши учун шароит яратилади.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги IT шаҳарча лойиҳасини маъқуллаб, шу тажриба асосида 2024 йил якунига қадар ҳар бир туманда шундай шаҳарча яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, АҚШлик ҳамкорлар билан “Инклюзив рақамлаштириш” лойиҳаси доирасида камида 20 минг нафар ёшлар, аёллар ва ногиронлиги бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20567 


Президентимиз 2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор мамлакатимизда ўтказилишини маълум қилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга “мактаб – туман – вилоят – республика” босқичида танловлар ўтказиб, 5-8 синф ўқувчилари орасидан энг салоҳиятли 100 нафарини танлаб олиш топширилди. 

IT яхши ривожланган давлатлардан малакали экспертлар жалб қилинган ҳолда ўқувчилар бўлажак халқаро олимпиадага чуқур тайёрланади.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20568  


"Рақамлаштириш, энг аввало, маҳалладан бошланиши керак", деди давлатимиз раҳбари йиғилишда.

Ҳозир “маҳалла бешлиги” планшет ва компьютер билан тўлиқ таъминланган. Лекин маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли рақамли технологиялардан қанчалик фойдаланаётгани савол остида.

Масалан, ёшлар етакчисига субсидия олиш учун мурожаат қилган фуқаро ҳалигача маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ёки бандлик бўлимидан ишсизлик тўғрисида маълумотнома олиб келишга мажбур.

“Қачон маҳаллага рақамлаштириш тўлиқ кириб борса, шундагина “Электрон ҳукумат” ишлаб кетди, деб айта оламиз”,  деди Президент.

Мутасаддиларга 1 мартга қадар “Рақамли маҳалла” ягона платформасини ишга тушириш ва “маҳалла еттилиги”ни рақамли тизимлардан фойдаланишга ўқитиш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20570 


Кун тартибидаги иккинчи масала - вазирлик ва тармоқларни рақамлаштириш муҳокама қилинди.

Тармоқ раҳбарларига фақат ва фақат рақамлаштириш орқали таннархни тушириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Бухородаги “Жанубий Кемачи” конини рақамлаштириш ҳисобига, йўқотиш 3 фоизга камайиб, йилига 28 миллион куб метр қўшимча газ олинаяпти.

Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖга қудуқларни рақамлаштиришни тўлиқ якунлашга кўрсатма берилди. 

Барча тармоқларда ҳам рақамлаштириш суръати бир хил эмаслиги қайд этилди.

Масалан, “Ўзбеккосмос” республика бўйича 2 мингдан зиёд ноқонуний қазишларни аниқлаган бўлсада, ҳокимлик ва масъул идоралар тайёр рақамли маълумот асосида амалий чора кўрмаган.

Ёки, алкоголь ишлаб чиқарувчи 59 та корхонанинг 42 тасида маҳсулот ҳажмини онлайн ўлчаш тизими ишламаяпти. Оқибатда, акциз солиғи йиғилувчанлиги талаб даражасида бўлмаяпти.

Шу каби, иссиқ сувни қозонхонадан аҳоли хонадонларига етказиб беришда аниқ ҳисоб-китоб бўлмагани учун нореал қарздорлик билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20571 


Барча тармоқлар ва улар тизимидаги компаниялар раҳбарларига келгуси йилда рақамлаштириш ҳисобига таннархни камида 10-15 фоизга камайтириш бўйича кўрсатма берилди.

Хорижий консультантларни жалб қилиб, коммунал соҳада рақамли назорат тизимини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Келгуси йилда авиа, темир йўл, автобус, метронинг ҳаракатланиш йўналишлари ва графиги тўғрисида ягона тизимда онлайн ахборот олиш имконини яратиш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20573 


Умуман, бюджетдан катта маблағ олувчи вазирликларда рақамлаштириш ҳаёт-мамот масаласи бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Лекин, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Экология, Бандлик вазирликлари, карантин ва ветеринария идораларида рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани танқид қилинди.

“Рақамли соғлиқни сақлаш” лойиҳасини амалга ошириш, Онкологик беморларнинг электрон реестрини тузиш, дала ва боғларда пестицидлар cавдоси ва қўлланилиши бўйича рақамли назорат тизимини жорий қилиш, газ ва бензин қуйиш шохобчаларида, Жамоат ишлари ва Бандлик жамғармалари харажатлари бўйича онлайн назоратни йўлга қўйишдаги оқсоқликлар кўрсатиб ўтилди. 

Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида ҳужжатларга апостиль қўйиш жараёнини рақамлаштириш зарурлиги қайд этилди. 

Геология, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимликларида ягона электрон ҳужжат айланиш тизими ишга тушмаган. Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан ижобий қабул қилинган “Халқ назорати” тизимини янада такомиллаштириш кераклиги таъкидланди.

Барча вазирлик, қўмита ва ҳудуд раҳбарлари жиддий хулоса қилиб, оқсаётган лойиҳаларни якунлаши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20575 


Йиғилишда IT хизматларини ривожлантириш учун ҳудудларда юқори тезликдаги интернет кераклиги таъкидланди.

Ўтказилган сўровларда IT парк резидентларининг 33 фоизи ҳудудларда интернет тезлиги пастлигини айтган.

Халқаро магистрал йўлларнинг муайян қисмлари мобиль интернет билан қамраб олинмагани кўрсатиб ўтилди. 

Шу боис Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йилда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун хорижий инвестициялар жалб қилиш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20578 


Шу билан бирга, ҳозирда вазирликларнинг 50 дан ортиқ хизматлари Ягона давлат хизматлари порталига уланмаган.

Масалан, солиқ декларациясини жўнатиш ва кэшбек олиш, қуёш панелини тизимга улаш ва унга субсидия олиш, транспорт тўлов картасини харид қилиш каби хизматлардан фақат идоравий сайтлар орқали фойдаланиш мумкин.

Барча раҳбарларга уч ойда ўз тизимидаги давлат хизматларини ягона портал орқали кўрсатишни йўлга қўйиш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20579 


IT cоҳаси ривожлангани сари киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарблиги ошмоқда.

Ўтган 11 ойда 5,5 мингта кибержиноят содир этилган бўлса, шундан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғирлик жиноятлари ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 50 га яқин тўлов тизими бўлиб, уларнинг ҳаммаси ҳам киберхавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги қайд этилди.

Ноябрь ойида IT воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Президент қарори имзоланди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга барча электрон тўлов тизимлари учун ягона киберхавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назорат қилиш топширилди.

Умуман, IT хизматлари ҳажмини 20 триллион сўмга, экспортни 800 миллион долларга етказиш, тармоқларда 130 та ахборот тизимини жорий қилиш ва 750 та давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги режаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Йиғилишда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисоботи тингланди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/20580  

Барча янгиликлар

Text to speech