22 Ноябр 2023 йил 495

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер ҳисобини юритиш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер ҳисобини юритиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтмоқда.

Ўзбекистондаги 44 миллион 800 минг гектар ер майдони, 8 миллион 300 мингта бино ва иншоотнинг мулк сифатидаги бозор баҳоси ҳисобланмагани қайд этилди.

Ҳозирда мавжуд бино ва иншоотларнинг шартли кадастр қиймати 70 миллиард долларни ташкил қилади.

Ваҳоланки, уларнинг ҳақиқий бозор баҳоси бундан камида 4-5 баробар кўп.

“Бунга ернинг бозор қийматини ҳам қўшса, биласизларми аҳоли ва тадбиркорларда қанчадан-қанча иқтисодий актив бўлади”, - деди Президент.

Бунинг учун, энг аввало, ер ҳисобини жой-жойига қўйиш шарт. Лекин айрим ҳокимлар ва вазирлар буни ҳисоб-китобини ҳали ўйлаб ҳам кўрмагани, ўзига бирор-бир вазифа ҳам белгилаб олмагани қайд этилди.

Манба: https://t.me/c/1432471980/19999 


Охирги уч йилда соҳани рақамлаштириш ҳисобига 40 миллион гектар ёки жами ерларнинг 90 фоизи кадастрдан ўтказилди.

Энди қолган муаммоли ерларни ҳам тўлиқ кадастр рўйхатидан ўтказиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги ерларида аэросуратга оладиган замонавий самолёт ва лабораториялар олиб берилди.

Кадастр агентлигига туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга йил якунигача аэросуратга олиш ишларини Тошкент шаҳри, Тошкент ва водий вилоятларида, келгуси йили эса қолган ҳудудларда тўлиқ якунига етказиш топширилди.

Аэросуратлар асосида қишлоқ ерларини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиши белгиланди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20000 


Йиғилишда қишлоқ хўжалигида:

- 286 минг гектар ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги;

- 159 минг гектар ернинг ҳужжатдаги ва амалдаги майдони бир-биридан фарқ қилиши;

- аввалги даврларда доимий фойдаланиш учун ажратилган 460 минг гектар ернинг ҳуқуқий мақоми аниқ эмаслиги қайд этилди.

Оқибатда жами 900 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерлари кадастр рўйхатидан ўтмасдан турибди. Кадастри йўқлиги сабабли такрорий экинлар учун бу ерларни расман иккиламчи ижарага бериш имкони бўлмаяпти.

Буларни оқибатида камида 300 минг иш ўрни, такрорий экиндан олинаётган маҳсулот ҳамда норасмий ижаранинг ҳисоби юритилмаяпти. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20001 


Ўтган ҳафта Сурхондарёга ташрифда “плёнка остида парник” ташкил қилиб, экспортбоп сабзавот экинларини экиш имкониятлари кўрсатиб ўтилган эди.

Ҳудудларда бундай усулда экин экишни истаганлар жуда кўп. Лекин улар учун ер олиш мураккаб.

Шу боис, келгуси йилдан экин ери юқори унумли уруғ, кўчат, агро-технология, экспорт кўникмаларига эга бўлганларга аукцион орқали ижара ҳуқуқи билан сотилади.

Мутасаддиларга 2024 йил 1 февралга қадар камида 15 минг гектар ерни лотларга бўлиб, экспортбоп сабзавот етиштириш учун ўртача 1 гектардан аукционга чиқариш, аукциондан ер олган аҳолига уруғ, ўғит, плёнка ва айланма маблағ учун кредит ажратиш, ҳосилдор экспортбоп экинлар уруғини кафолатли етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди. 
Манба: 
https://t.me/c/1432471980/20002 


Сув ҳавзаларини, канал ва коллектор атрофидаги бўш ерларни аҳоли ва тадбиркорларга бериш бўйича қарор қабул қилинган.

Лекин, ер балансида сув фонди ерларининг бор-йўғи 0,3 фоизи экин ери сифатида кўрсатилган. Бу ҳақиқий аҳволдан йироқлиги, зеро сув хўжалигида ерларнинг аксариятида эгалик ҳужжати мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Аслида, сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олишнинг бирдан бир йўли – уларни тўлиқ кадастрдан ўтказиш. Бу иш ўрнига ҳам, озиқ-овқат учун ҳам қўшимча захира бўлади. 

Мутасаддиларга сув фонди ерларини тартибга солиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Ҳокимларга сув фонди кадастри қачон тўлиқ бўлади, деб кутиб ўтирмасдан, ҳужжати тайёр бўлган бўш ерларни аҳолига экспортбоп экин экиш учун бўлиб бериш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20003 


Йиғилишда йўл хўжалигида ҳам шу аҳвол экани таъкидланди. Кўпгина ички йўллар ва унга туташ ерларнинг ҳужжати йўқлиги билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

Келгуси йилда “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳаларига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таъмирланадиган ички йўлларни лойиҳалашда уларга кадастр ҳужжатини тайёрлашни ҳам назарда тутиш топширилди.

Айрим вазирликларга берилган ер ва бинолар кадастри ҳам қониқарсизлиги қайд этилди. Баъзи объектларнинг эгалик ҳужжати йўқлиги аниқланган. Ушбу ерларнинг ҳужжати йўқлиги сабабли талон-торож қилинган ҳолатлар мавжуд.

Вазирликларга ўзларига қарашли барча ер ва биноларни ҳужжатлаштиришни якунига етказиш, Бош прокуратурага ушбу ишларнинг қатъий назоратини йўлга қўйиш топширилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20004 


“Қанчалик қийин бўлмасин, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигидан 42,5 минг гектарни қисқартириб, аҳоли пунктлари ва саноат ерлари тоифасига ўтказиб бердик.

Афсуски, катта-катта ваъдаларни берган айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу ерлардан самарали фойдалана олмаяпти”, - деди Президентимиз.

Хусусан, 100 та туманда тоифаси ўзгарган 17,5 минг гектар ер на тадбиркорга берилган, на аукционга чиқарилган. Бу ерлар олинганидан буён захирада ётгани танқид қилинди.

Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар бу ерлар аукционга чиқарилмаса, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Шунингдек, тоифаси ўзгариб, тадбиркорларга ажратилган 19 минг 300 гектар ердан 5 минг 400 гектари бўш турибди. Саноат зоналарида ҳам лойиҳа жойлаштирилмаган ерлар бор. Аксинча, тайёр инфратузилмаси бўлган саноат ерларидан бошқа мақсадда фойдаланиш кўп учрамоқда. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20005 


Тоифаси ўзгарган ерлар эвазига шу йилнинг охиригача 15 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилиши керак эди. Бироқ, 8 минг гектар ерлар ҳалигача ўзлаштирилмаган.

Йил якунигача янги ерларни ўзлаштириш ваъдасини бажармаган ҳокимлар жаримага тортилиши, уларнинг ер тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлари умуман қабул қилинмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Кадастр агентлигига 2024 йил 1 мартга қадар барча саноат ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, вилоят ҳокимларига эса 2021 йилгача ажратилиб, қурилиш бошланмаган 7 минг гектар ерни захирага қайтариш топширилди.

Бош прокуратурага бу борада қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бундан буён вилоят кадастр бошлиғини ишга қўйиш ва ишдан олиш Бош вазир томонидан амалга оширилиши белгиланди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20006 


Йиғилишда кадастр соҳаси учун кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаётгани таъкидланди.

Кадастр соҳасида 9 мингдан ортиқ мутахассис ишлайди. Лекин бугунги кунда соҳага кадр тайёрлаётган 10 та олийгоҳдаги ўқитиш сифати замондан орқада қолгани қайд этилди.

Уларда факультет ва кафедралар тушуниб-тушунмасдан очилгани, ўқув дастурлари ва таълим методикалари эскиргани айтилди.

Шу боис, 10 та олийгоҳ ректорларига Кадастр агентлиги билан биргаликда келгуси йилда замонавий лабораториялар ташкил қилиш, янги ўқув адабиётлари ва хориждан малакали мутахассисларни олиб келишга кўрсатма берилди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20007 


Йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан ташқари Президент вазирлик, ҳокимлик ва идоралардаги ижро интизоми ҳолатига тўхталиб ўтди.

"Кўриб турибсизлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида жуда катта ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Лекин, ислоҳотлар "қоғозда" қолиб кетмаслиги керак. Вазирлик ва тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар жойларда уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаши шарт", - деди давлатимиз раҳбари.

Муҳим топшириқлар ижросида сусткашликка йўл қўйилаётгани, баъзи раҳбарлар рақам ортидан қувиб, сифат, самарадорлик ва талабчанликни унутиб қўяётгани қайд этилди. 

Айрим вазирлар ва ҳокимларга уларнинг тизими ва ҳудудларида ижро ҳолати қониқарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Ижро интизомини қаттиқ назорат қилиш, хорижий давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорлик бўйича тасдиқланган “йўл хариталари”нинг бирорта банди ижросини кечиктирмасдан таъминлаш шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ахбороти тингланди. 

Манба: https://t.me/c/1432471980/20008 

Барча янгиликлар

Text to speech