Кун тартибига ўтишдан олдин давлатимиз раҳбари ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб ўтди:
"Маълумки, Исроил армияси ва Хамас ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда.
Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.
Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.
Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим.
Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз", - деди Президентимиз.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19574
"Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келади.
Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз.
Маълумки, биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга.
Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяптилар.
Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга, аввало, ёшларимизга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақираман.
Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур", - деди давлатимиз раҳбари ва кун тартибидаги масалалар муҳокамасига ўтди.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19575
Сўнгги йилларда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, чунки ГЭСлар ишлаб чиқариладиган электр таннархи бошқа манбаларга нисбатан анча арзон, улар энергетикада кунлик энергияни барқарор таъминлашда энг самарали воситадир.
Ҳисоб-китобларга кўра, юртимиздаги гидроэнергетика салоҳияти 8 минг мегаваттни ташкил қилади. Айниқса, Тошкент, Сурхондарё ва водий вилоятларида бу борада катта салоҳият бор.
Жорий йилда “Тўпаланг” ГЭСни модернизация қилиш ишлари якунланиб, унинг қуввати 30 мегаваттдан 175 мегаваттга ошди.
“Дарғом” каналида 7,2 мегаваттли “Шаудар” ГЭСи фойдаланишга топширилди.
Лекин ҳозирда жами гидроэнергетика қувватлари мавжуд салоҳиятга нисбатан 2-3 баробар кам.
Шу боис, янги лойиҳаларни бошлаш бўйича катта марралар олинган. Соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш учун барча шароитлар яратиб берилган.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19586
Бу йил 20 та, 2024 йилда эса яна 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режа қилинган.
Бу борада Андижон вилоятида ишлар яхши бошлангани, лекин Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида бу йилги 15 та кичик ва микро ГЭСни қуриш лойиҳаси кечикаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, қўшимча захираларни топишга кўрсатма берилди.
Мисол учун, Норин дарёсида каскадлар қуриб, 230 мегаватт қувватларни ишга тушириш ва Намангандаги 450 минг аҳолига етарли электр ишлаб чиқариш имконияти бор.
"Ўзбекгидроэнерго"га 6 минг мегаватт қувватларни ишга тушириш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва хусусий шериклик асосида йирик хорижий энергетика компанияларини жалб қилиш топширилди.
Толдиқсой, Муллалак, Қоронғи-тўғай, Юқори Пском ва Норин йирик ГЭСларини қуриш лойиҳалари доирасида эса техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқишни якунлаш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19589
Йиғилишда энергетика тизимининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги кўриб чиқилди.
Сўнгги беш йилда тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилгани таъкидланди.
Лекин, айрим вилоят ҳокимлари ўзлари ҳаракат қилиб, маҳаллаларда трансформатор ва тармоқларни яхшилашга, куз-қишни беталафот ўтказиш учун маблағлар, трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар захирасини шакллантиришга етарли эътибор қаратмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Умуман, ҳудудлардаги 33 мингта трансформатор, 122 минг километр электр тармоқлари эскирган, оқибатда ишлаб чиқарилган электрнинг 12 фоизи йўқотилган. 20 та туманда электр йўқотишлари ҳажми республика кўрсаткичидан 1,5 баробар юқори.
Шу муносабат билан Энергетика вазирлигига ҳудудларда эскирган трансформатор ва тармоқларни янгилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш, вилоят ҳокимлари ва прокурорларига дастурни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
2026 йилга бориб жами йўқотишлар ҳажмини 8 фоизга тушириш шартлиги таъкидланди.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19590
Мамлакатимиздаги электр улгуржи истеъмолчиларининг 28 фоизи автоматлашган тизимга (АСКУЭ) уланмагани қайд этилди. Ёки, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилгани билан, 170 мингдан зиёд абонентларнинг автоматлашган тизим билан алоқаси йўқ.
Соҳа мутасаддиларига барча улгуржи истеъмолчиларни АСКУЭ тизимига улаш топширилди.
Жорий йилда ҳудудларда 3,5 миллиард киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани таъкидланди.
Мисол учун, Карманадаги қурилиши якунланмаган бинода 452 та “майнинг” қурилмаси ўрнатилгани оқибатида ўн ой давомида қарийб 5,5 миллион киловатт-соат электрдан ноқонуний фойдаланилган.
Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари ўн ойда ҳудудда шунча электрдан ўғирликни пайқамагани, туманда ойлик истеъмол бирданига 5 фоизга ошганини таҳлил қилмагани танқид қилинди.
Ушбу раҳбарларнинг барчаси ишдан олиниши белгиланди, Бош прокуратурага уларнинг ҳаракатига баҳо бериб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Мутасаддиларга ўғирликлар энг юқори бўлган ҳудудларда ноқонуний истеъмолга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19591
Йиғилишда қозонхоналарни капитал ва жорий таъмирлаш, иссиқлик тармоқларини таъмирлаш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Республика бўйича режа 98 фоизга бажарилган бўлса-да, Андижон, Наманган ва Сурхондарёда орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди.
Икки ҳафта муддатда барча куч ва воситаларни сафарбар қилиб, қозонхоналар ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ишларини якунлашга топшириқ берилди.
Ижтимоий соҳа муассасаларида ҳам эски ва энергия сарфи юқори бўлган қозонларни янгилашни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бу йилги куз-қиш мавсумига аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун етарли ҳажмда кўмир етказиб бериш муҳимлиги таъкидланиб, 10 ноябрга қадар ижтимоий соҳа объектларига қўшимча 60 минг тонна кўмир етказиб бериш топширилди.
Айрим ҳудудларда аҳолига кўмир тарқатиш тизими тўғри йўлга қўйилмагани, оқибатда етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бош прокуратурага тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб боришини назорат қилиш бўйича тизим яратиш топширилди.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
Манба: https://t.me/c/1432471980/19592