14 Январ 2025 йил 65

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табриги

Ўз ҳаётини эл-у юрт осойишталигини сақлашдек улуғ ва олийжаноб ишга бағишлаган, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ички ишлар органларининг барча ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, фахрийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий табриклайман.

Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтган даврда миллий армиямиз қудратини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини янада мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, қўшинларнинг жанговар шайлигини кучайтириш, ходим ва ҳарбий хизматчиларимизнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бу йилги байрамлар “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори асосида ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда миллий армиямиз, халқимиз тинчлиги, давлатимиз мустақиллиги кафолати бўла оладиган чинакам қалқонга айланди.

Кези келганда таъкидлаш лозимки, ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир ходимдан, ҳарбий хизматчидан юртга чексиз садоқат, хизмат бурчига фидойилик Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлишни, улар олдидаги фарзандлик бурчини асло унутмасликни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу боис ҳам ҳар бир ходим аввало, ватанпарвар бўлиши ва садоқат билан хизмат қилиши, ўзининг дунёқараши, масъулияти ва ташаббускорлиги билан эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлиши, ҳар қандай таҳдид ва хатарларни олдиндан сезиб, уларга қарши курашишга доимо шай туриши жуда муҳим саналади.

Ишончим комилки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратини сафарбар этиб, халқимиз ва Президентимиз ишончига доимо муносиб бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш каби шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!

Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов

Барча янгиликлар

Text to speech