20 Феврал 2024 йил 1008

Пойтахтда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ишлари давом этмоқда

Тошкент шаҳрида пойтахт ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Жумладан,

Жорий йилнинг 30 январь куни Янгиҳаёт туманида ўзини шубҳали тутган 2003 йилда туғилган Сайдуллаев Абдуқаххор Қодиржон ўғли тўхтатиб холислар иштирокида текширилди. Унинг ёнидан 39 дона ўрамда бўлган “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси аниқланган. Суҳбат жараёнида А.Сайдуллаев гиёҳвандлик воситаларининг бир қисмини яшириб улгурганлигини маълум қилган ва яширган жойларини кўрсатган. Холислар иштирокида яна 12 дона ўрамдаги “Мефедрон” гиёҳвандлик воситалари яширилган жойидан аниқланган. Барча гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган ва тегишли ҳужжатлар билан терговга тақдим этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.Сайдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 13 февраль куни Яккасарой туманида ўзини шубҳали тутган 2003 йилда туғилган Носиров Бобурмирзо Тўлқинжон ўғли тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда ёнидан 21 ўрамдаги қадоқланган “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.Носировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсларнинг ноқонуний гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги, гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги ёки бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Барча янгиликлар

Text to speech