Пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш ва йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишга илмий ёндашилади
Бугун пойтахтимиз Тошкент шаҳри кун сайин ўзгариб нафақат минтақанинг балки дунёнинг йирик марказларидан бирига айланиб бормоқда, урбанизация, ижтимоий-иқтисодий ва демографик жиҳатдан тараққиётга юз тутмоқда. Бироқ жаҳонинг барча йирик шаҳарларда бўлгани каби бизда ҳам йўл тарнспорт соҳасидаги тирбандлик муаммоси бугун ечимини кутаётган масалалардан бирига айланган.
Тошкент Давлат транспорт университетида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Ташпулатов, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши депутатлари, Тошкент Давлат транспорт университети рахбарияти ва бошқа мутасаддилар ҳамда талаблалар иштирокида давра суҳбати ўтказилди. “Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва тирбандликларни бартараф этиш чора-тадбирлари” мавзусида ўтказилган ушбу учрашув қизғин ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Замон талабларидан келиб чиқадиган бўлсак мавзуга нафақат амалий балки илмий ёндашув талаб этилади. Бунда тадқиқотчи ва олимларнинг янги лойиҳа ҳамда ихтиролари зарур ечим бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бўлиб ўтган давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар, ушбу йўналишда изланиш олиб бораётган илмий ходимлар ва талаба ёшларнинг таклифлари, фикр ва мулоҳазалари эшитилди.
Сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи университет мутахассислари ва талабаларидан хорижий тажрибани ўрганган ҳолда илмий ёндашиб, пойтахтимиз кўча ва йўлларида тирбандликларни олдини олиш, пиёдалар билан содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларига барҳам бериш бўйича ҳамкорлик қилишга чақирди.
Учрашув сўнгида университет профессорлари, депутатлар ва амалиётчи ходимлар билан муаммоларни ўрганиб, илмий асосланган ҳолада ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантиришга келишиб олинди.