3 Август 2024 йил 965

Пойдеворимизни мустаҳкамлаймиз

"Болалар — ота-оналарга берилган омонатдир"

Имом Ғаззолий

Болаларимиз келажагимиз пойдевори. Келажагимиз фаровон, тўкин, осойишта бўлиши учун болаларни бугундан ўқитишимиз, тарбиялашимиз лозим. Ҳар бир жамият, ҳар бир оила бола тарбияси учун масъулдир. Бироқ  беш қўл баравар бўлмаганидек, айрим оилаларда фарзанд тақдирига бефарқ, тарбиясига лоқайд ота-оналар ҳам учраб туради. Айрим ҳолларда  болаларнинг ўзлари ҳам “ўтиш” ёшида ўзгаришга юз тутади. Айни ҳозирги вақтда кўчадаги  турли дилтортар, кўзни ўйнатадиган бренду тренд нарсалар  ҳам уларнинг тушунчаю феълини ўзгартириб юбормоқда. кимнингдир шароити бор, кимникидир оддий телефон олишга ҳам қурби етмайди. Бола эса бундан ўксийди. Ота-онасидан кўнгли қолади, тушунмовчиликлар ортидан ҳатто уйидан қочиб кетади.

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тарбияси оғир, давлат ва жамоатчиликнинг ёрдамига муҳтож, уйидан қочган ёки ота-онасини йўқотган, назоратсиз ва қаровсиз қолдирилган болаларни қабул қилади. Бу ерда уларнинг соғлиғи текширилади, психологлар ёрдамида ҳар бирининг шахсий портрети шакллантирилади. Оиласи, қизиқишлари ўрганилиб, имкониятлари чегарасида тегишли машғулотларга жалб этилади. Марказда турли спорт секциялари, шахмат-шашка, робототехника, IT хоналари, тикув-бичув  тўгараклари фаолият юритади ва ҳар бир бола ўз қизиқишлари бўйича шуғулланиш имкониятига эга. Шинам ва ёруғ ётоқхоналар, кутубхона, ошхона, спорт заллари туну кун болажонларнинг хизматида.

— Марказимизда нафақат болаларни тарбиялаш, ўқитиш, балки уларни, яъни ота-онасиз қолганларни оилага бериш масаласи ҳам мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳал этилади, - дейди Марказ бошлиғи ўринбосари, капитан Зафар Исраилов, – Оилага жойлаштирилгани  масъулият соқит қилинди, дегани эмас. Тез-тез хабар олиниб, тарбия, муомала жараёнлари узлуксиз назорат қилинади. Зарурий педагогик, психологик ёрдам кўрсатилади. Мазкур даргоҳда болаларнинг жисмоний ҳамда маънавий ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.  

Марказга нафақат  пойтахт, вилоятлар, баъзан қўшни давлатлардан ҳам вояга етмаганлар қабул қилинади. Чет давлатларга ишлаш учун бориб у ерда айрим сабабларга кўра саломатлигини йўқотиш ёки вафот этиш оқибатида болаларнинг қаровсиз ёки ёлғиз қолиши ҳолатларида уларни юртимизга олиб келиш Марказлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар орқали амалга оширилади.

– Амалиётимизда қиз ёки ўғил болаларни асраб олгани, аммо бир мунча вақт ўтиб, тарбиясини эплай олмай, қайтариб олиб келгани ёки боланинг ўзи қочиб келганлиги мисоллари ҳам йўқ эмас, - дейди Зафар суҳбатни давом эттирар экан. – Албатта, ҳар бир бола оилада, ўз ота-онаси қучоғида ўсиши шарт. Бу масканда қанчалик уларга шароит яратмайлик, ғамхўрлик қилмайлик, кулбада яшаса ҳам ота-она билан бирга яшашнинг бахтини бера олмаймиз. Шу ўринда оталарга қарата айтардимки, фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг! Ўғил-қизларингиз тарбиясини аёлингизни ўзига ташлаб қўйманг! Оилавий муаммолар, низо ва можароларга болаларнинг дахли йўқ. Болалар тўлиқ оилада, тинч-тотувликда вояга етишга ҳақли. вояга етмаган болаларнинг тарбиясида нафақат оналар балки оталар ҳам фаол иштирок этиши, айниқса, ўғил болалар тарбияси билан бевосита оталарнинг ўзи шуғулланиб, балоғат ёшидаги инқирозларни фарзандлари енгиб ўтишида елкадош-сирдош ота бўлишлари тавсия этилади.  

Болаларнинг яшаш шароитларини ўрганар эканмиз, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганлар, кам таъминланган, ёлғиз ўзи тарбиялаётган оилаларга ҳам ёрдам кўрсатамиз. Бу хайрли ишлар ҳокимият, ИИББ ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг доимий эътиборида.

Тарбияси оғир, жиноятга мойил деб топилганларнинг келгуси тақдирига ҳам бефарқ қаралмайди. Улар бу ердан чиққач, маҳалла профилактика инспектори, фаоллари, Ёшлар агентлиги ходимларига бириктирилади. Ўрганиш хулосаларига кўра меҳрибонлик уйларига, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига жойлаштирилганларнинг кейинги ҳаётлари ҳам кузатувга олиниб, назорат ўрнатилади.

Марказ ҳаёти бир сония ҳам  тинмайди. Ходимлар ҳам доим ҳаракатда. Ҳолбуки, ҳар бир боланинг кейинги тақдирига ҳеч ким бефарқ эмас. Шу боис мазкур даргоҳдаги барчанинг диққат-эътибори боланинг бугунги кунига эмас,  ўнлаб йиллар олдинга қаратилган.

Барча янгиликлар

Text to speech