Ўзгаларнинг моддий бойликларига кўз олайтириш, уни ўзлаштириш орқали бойиш фикри нопок кимсаларга хосдир. Бунинг учун ҳар қандай ҳийла-найрангларни ишга солишади. Аввалдан режа тузилиб, воқеаларнинг сценарийси ёзилади. Жабрдийда танлангач, унинг ишончини қозониш учун бор актёрлик маҳорати намойиш этилади. Оқибатда жабрдийда катта қарзга кириб қолади ёки бор-будидан айрилади. Шундай жиноий ишлардан бири ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, майор Миржалол Исроилов ҳикоя қилиб берди.
35 ёшли Мирсаиднинг (исмлар ўзгартирилган) хаёлида ҳамиша йирик пулларни қўлга киритиш режаси ғужғон ўйнарди. Олийгоҳни тугатиб, ота-онасига дипломини асраб қўйиш учун бераркан, бир ойда бир мартагина олинадиган озгина маошга ишлашга ҳуши йўқлигини билдирди. Ўзини катта тадбиркор, миллионлар чўнтагида, қимматбаҳо чет эл машиналари, данғиллама уй-жойнинг эгаси хаёл қилган Мирсаид ишбилармонлар орасида ўралаша бошлади. Таниш-билишларининг енгидан кириб, ёқасидан чиқиб кичик бўлсада, ўз бизнесини бошлашга муваффақ бўлди. Талайгина тадбиркорлар билан танишди. Ишончига кирди. Уларнинг орасида шаҳар марказига яқинроқда қурилиши битмаган, сотиб-сотилмаган иншоотга эга бир тадбиркор бор эди. Камол ғайрат-шижоатли Мирсаидга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мирсаид бу вақтда шаҳар марказига яқинроқ жойда меҳмонхона очиш ҳақида ўйлаётганди. Таклиф унга айни муддао бўлди. Мирсаид бу имкониятни қўлдан бой бергиси келмай, жон-жон деб сотиб беришни ваъда қилди. Бироқ битмаган бинони меҳмонхонага айлантиришнинг ўзи бўлмайди. Пулни қаердан олади? У икки нафар “лақмани” топиши керак – бири банкка кредит олиш учун буюртма бериш учун бўлса, иккинчиси ўз кўчмас мулкини кафолат тариқасида гаровга қўйиши керак. Нима учун Мирсаид кредитни ўз номига расмийлаштирмади, деган савол туғилади. Аввалданоқ бу ишда очкўзлик, ғирромлик, масъулиятсизлик кўзланганди. Тез орада жабрдийдалар ҳам топилди. Жамшид Мирсаидни тадбиркорлар орасида тез-тез учратгани боис унинг ваъдаларига ишонди. Шунингдек, Тўлқин ҳам алданди. 2020 йили ҳар иккисининг саъй-ҳаракатлари билан банкдан 20 478 900 000 сўм олинди. Шу-шу Мирсаид кўздан ғойиб бўлди. Жабрдийдалар ойлар, йиллар ўтса-да пулларини ололмагач, ички ишлар идораларига мурожаат қилишди.
Мирсаидга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилди. 2023 йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан чиқарилган ҳукмга кўра Мирсаид айбли деб топилди. Етказилган моддий зарар қоплангани ҳисобга олиниб, унга 73.500.000 сўм жарима жазоси тайинланди.