7 Июн 2024 йил 1728

Паспортларни ID–карталарга алмаштириш вақти келди: МваФРБ ходимлари имконияти чекланган шахсларнинг меҳмони бўлмоқдала

Сизда жисмоний имкониятлари чекланган ва паспортининг амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли ID-картага алмаштирилиши керак бўлган яқинингиз борми? Унда сиз қуйидагиларни билишингиз лозим. Сиз кекса ёшдаги ёки касаллиги туфайли мустақил ҳаракатлана олмайдиган яқинингизнинг биометрик маълумотларини тўплаш учун хонадонингизга ёки даволаш муассасасига борадиган ходим ажратилиши бўйича яшаб турган манзилингиздаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиш имконига эгасиз. 

Бунинг учун имконияти чекланган шахснинг яқинлари МваФР бўлимига бориб, паспорт алмаштириш ҳақида ариза бериши, аввалги олинган паспортни тақдим этиши, шахснинг ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат (тиббиёт муассасаси даволовчи врачининг хулосаси ёки маҳалладан шахснинг соғлиғи туфайли  ҳаракати чекланганини тасдиқловчи маълумотнома)ни тақдим этиши шунингдек, давлат божини тўлаши ва ўзининг маълумотларини қолдириши керак. Шундан сўнг ходим шахснинг биометрик маълумотларини тўплаш учун ўзининг махсус кўчма станцияси билан беморнинг яшаш жойига ёки даволанишда бўлган манзилига ташриф буюради.

Баъзида имконияти чекланган фуқароларнинг қариндошлари беморлар учун шахсини тасдиқловчи ҳужжатни янгилашнинг кераги йўқ, деб ҳисоблашади. Бироқ, амалдаги ҳужжат тўсатдан рўй бериши мумкин бўладиган турли вазиятларда, масалан, манзилни ўзгартиришда, тиббий муассасага, даволаш масканларига жойлаштиришда ёки қайғули ҳолат – вафотини қайд этиш ҳолатларида жуда зарур бўлади.

Имконияти чекланган шахсларнинг яқинларидан паспортни алмаштириш масаласида лоқайд бўлмасликларини, бу ишни зиммасига олиб, беморнинг яшаш манзилидаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилишлаарини сўраб қоламиз.  

Эслатиб ўтамиз, мазкур жараён дарҳол амалга оширилмайди, бу иш туман бўйича мурожаатлар тушишига қараб (маълум вақт ичида) бажарилади.

Яна бир эслатма, вазият тезкорликни талаб қилган ҳолатларда, ходимнинг уйга ташрифининг бошқа бир тури –  экспресс–хизмат кўрсатиш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  2023 йил 31 июлдаги “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 321-сон Қарори) йўлга қўйилган. Бу хизматдан исталган фуқаро фойдаланиши мумкин. Сайёр хизматдан фойдаланиш учун  стандарт йиғим ва тўловлардан ташқари БҲМ 21,9 дан (агар масофа 10 км атрофида бўлса) 83,2 % гача (100 км) ташкил этувчи транспорт харажатлари тўланиши лозим.

Экспресс-хизматга буюртма беришни 71-200-00-24 Call-маркази орқали амалга ошириш мумкин. Буюртмани расмийлаштиришда ID-картага муҳтож шахснинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да  ҳисобда туриши аниқланса, манзилга чиқиш учун тўлов олинмайди (фақат ҳужжатнинг ўзи учун БҲМнинг 89 %  миқдорида давлат божи тўланади).

Барча янгиликлар

Text to speech