7 Июн 2024 йил 1499

Озодликнинг қадрига етмаганлар

Абубакир бир эмас, беш маротаба суднинг қора курсисида ўтириб,  қилмишлари учун хавфли рецидивист деб топилган. Охирги жинояти учун 1 йил синов муддати белгиланган. Аммо букрини гўр тўғирлайди, деганидек, шунча яратилган имкониятлар, берилган енгилликлардан тегишли хулоса чиқармади. Ҳали синов муддати тугамай, яна жиноятга қўл урди. Абубакир ўзига ўхшаган бекорчи ва  ишёқмас, илгари судланган Жавоҳир, Жаҳонгир ва Нажмиддинлар билан ўзаро тил бириктириб, Чилонзор туманида жойлашган истироҳат боғига ҳордиқ чиқариш учун эмас, ҳордиқ чиқараётганларни тунаш учун боришади. Айлана-айлана соат 22.30 ларда  фуқаро Холбекнинг қўлидаги уч миллион сўмлик уяли телефонини кўриб, ундан ўзининг телефонининг қуввати ўчганлигини баҳона қилиб, қўнғироқ қилиш учун бир дақиқага бериб туришини сўрайди. Холбекнинг телефонини олиб,  сўзлашиб бўлгач, эгасига қайтариш ўрнига телефонни ҳамтовоғи Жаҳонгирга узатади. У эса ўз навбатида  ўлжани олиб қочиб кетади. Холбек ортидан қувгани билан одамлар орасида уни йўқотиб қўяди. Ортига қайтганда, Абубакир ҳам жуфтакни ростлаган эди. Жабрдийда Чилонзор тумани ички ишлар идорасига мурожаат қилди.  Бу вақтда ҳамтовоқлар учрашиб, қилган ишларидан мамнун ҳолда, 3 миллионлик телефонни 600 минг сўмга сотишга улгуришганди.

– Тергов жараёнида Абубакир айбини тан олмай, ҳатто шерикларини танимаслигига ишонтирмоқчи бўлди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор К.Нарзиев. – Ўша куни у умуман истироҳат боғига бормаганлиги, таниши фалончиникида тунни ўтказганини, бировнинг телефонига зор эмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Шериклари ҳамда жабрланувчи билан  юзлаштирилганда эса юзларига тик қараб, “танимайман, биринчи кўришим” дейишидан ҳамтовоқлари ҳам лол қолишди. Бироқ ўтказилган тергов ҳаракатлари жараёнида унинг айби далиллар билан тўлиқ исботланди ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида Абубакиринг важ-карсонлари ўтмади. Суд жиноятнинг барча иштирокчилари  қилмишини қонуний баҳолаб жазо тайинлади. Жавоҳир Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга уч йил бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Нажмиддин Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, унга икки йил саккиз ой озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаганлигига қарамай, муқаддам жиноят содир этишга улгуриб, судланган ва  яна жиноятга қўл урган Жаҳонгир Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, жиноятчиликнинг ҳадисини олган Абубакир Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга уч йилу беш ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Барча янгиликлар

Text to speech