1991 йилнинг 31 август куни Собировлар оиласида икки карра байрам бўлди. Биринчиси – Ўзбекистон республикасининг мустақиллиги ҳақидаги Ҳукумат баёноти бўлса, иккинчиси – уч қиздан кейин ўғил фарзанднинг дунёга келиши эди.
Иззатилла Собиров зиёлилар оиласида туғилиб вояга етди. Отаси Зиёдулла ака олийгоҳда ишласа, онаси Феруза опа шифохонада шифокор бўлиб ишларди. Иззатилла болалигидан зийрак ва билимга чанқоқ ўсди. Ўзбекистон Қуролли кучларида хизматни ўтаб қайтган Иззатилла 2012 йили Республика ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ҳужжатларини топширди. Ўқиш даври кўз очиб-юмгунча ўтиб, пойтахт ИИББ Молия-иқтисод бошқармасида инспектор лавозимида иш бошлади. Зиммасидаги вазифаларини пухта ва камчиликларсиз бажариб келаётган ёш ходим, катта сержант Иззатилла Собиров 2014 йилда катта инспектор лавозимига тайинланди. Хизмат вазифаларини бажариш чоғида ўз касбининг етук мутахассиси бўлиши учун билимларини ошириш, соҳани чуқурроқ ўрганиш кераклигини англаган Иззатилла 2018 йилда Республика ИИВ Академиясига сиртдан ўқишга кирди. Уни 2022 йилда муваффақиятли битирди. Бу вақтда ўқиш ва ишни уйғунликда олиб боргани боис малакасини оширган, тажрибаси ҳам бойигани раҳбариятнинг эътиборидан четда қолмаганди. У шаҳар ИИББ Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси Молиявий таъминот хизмати–бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлими бош мутахассиси лавозимига тайинланди.
Иззатилла устозлари – Пенсия таъминоти бўлими бошлиғи, полковник Нодира Расулева, бўлим бошлиғи ўринбосари, подполковник Козим Аҳмеджанов, бош мутахассис, подполковник Сайёра Эргашевалардан ходимлар меҳнатини баҳолаш, маошлар, нафақа пуллари, моддий ёрдам ва бошқа тўловларни тўғри ҳисоблаш, тўлов ва ҳисоботлар билан боғлиқ молиявий муносабатларни юритиш тартибларини қунт билан ўрганди.
– Мустақиллик ёшларга жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Касб-корнинг илк сабоқларини лицейда олган бўлсам, уни ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларида давом эттирдим, Академиянинг сиртқи бўлимида ўқиб эса ўз билим ва салоҳиятимни янада чуқурлаштириб, олган кўникмаларимни келгуси фаолиятимда татбиқ этиш имконига эга бўлдим, – дейди лейтенант Иззатилла. – Эришган муваффақиятларим Мустақиллигимиз шарофати билан, мен ва мен сингари озод ва обод юрт фарзандларига яратилаётган шарт-шароитлар ва истиқболлар туфайли, деб биламан. Юртимнинг келажаги буюк эканлигига ишонаман.