Абдурасулнинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Тайинли бирор жойда ишламаган. Ишлашга тоби-тоқати ҳам йўқ. Ҳар ойда ишини ўзгартиради. Хотинининг «қачон ишлайсиз?» деган саволига, «арзимаган ойликка ишлаб аҳмоқманми, иш қидиряпман», дея телефондан бўшамайди. Телефонда бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонларни кўриш билан овора, деб ўйласангиз адашасиз. У телефондаги тотализатор ўйинларига муккасидан кетиб, оиласининг, фарзандларининг ризқи бўлмиш нақ минг АҚШ долларини тикиб, ютқазиб қўйганини Яхшиямки, хотини билмайди. Аслида бу пулларни хотинидан иш топдим деб, йўлкира ҳақи, тушлик ҳақи деб, яна турли-туман баҳоналарда олган эди-да. Мавжуда ҳам ота-онаси, яқинлари, таниш-билишларидан олган қарзларини тинмай сўраб қўявермасди. Абдурасул ўйинга тиккан пулларнинг ўрнини қоплаш ҳақида тинмай ўйлай бошлади. Тер тўкишга эса тоқати йўқ. Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи 2021 йил январида синфдоши Фахриддинни учратиб қолди. Фахриддин аввалдан ишонувчан, бировнинг дилига озор етказишдан қўрқадиган, андишали, ҳатто ўз ҳақини сўрашга ийманадиган бола эди. Аммо йиллар уни ўзгартирган, бироқ Абдурасулнинг тасаввурида у шундайлигича қолганди, гўё. У Фахриддинга ўзини тадбиркор қилиб кўрсатди. Текстиль маҳсулотлари билан шуғулланишини айтиб, агарда пул тикса, ойма-ой фойдадан улуш бериб туришини таъкидлади. Фахриддин аввалига кўнмади. Синфдошини кўндиришга бел боғлаган Абдурасул қайта-қайта унга қўнғироқ қилиб, ахийри мақсадига эришди. Фахриддин ойига 200 АҚШ доллари олиш умидида, Абдурасулга 1000 АҚШ долларини шундай, расмиятчиликсиз бериб юборди. Ваъда қилинган “улуш”дан дарак бўлавермагач, ички ишлар идораларига мурожаат қилишга тўғри келди.
– Абдурасул ҳар сафар телефондаги таваккалчилик ва қимор ўйинларига пул тикаркан, “ютаман, ютсам, қарзларимдан қутуламан”, деб ўйлаб, қарз ботқоғига ботаверган, – дейди Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шахбозжон Раҳматов. – Аммо бу ўйинлар Абдурасул сингари калтабин, ишламай пул топишни мақсад қилган ишёқмасларга мўлжалланган айёрона тўр эканлигини улар тушунишмайди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди Абдурасулни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, унга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.