2 Октябр 2024 йил 569

Овозни ўзгартириб бўлмайди

Бобур уяли телефони имкониятларидан фойдаланиб пул топишни режалаштирди. Ижтимоий тармоқларда тез-тез фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирувчи контентларни ўқиб бораркан, худди Бобур билан ўчакишгандек, фирибгарлар айнан у танлаган усуллардан фойдаланишар, бу эса Бобурни ҳали одамларга нотаниш бўлган фириб йўлини излаб топишга мажбур қиларди.  Таваккал қилиб 2024 йил 25 январь куни соат 10.00 ларда  ижтимоий тармоқ орқали буюртма етказиб бериш хизмати билан боғланди. Нозимжонга Учтепа тумани Мирхонд кўчасидаги фалон уй олдига бориб, уч дона аёллар рўмолларини етказиб келишини, 330.000 сўм пул тўлаб туришини, фалон манзилга олиб келгач пулини ва йўл ҳақини тўлаб беришини айтди. Содда Нозимжон рўмол – аслида қуруқ қоғоз эканини билмасди, уни кўтариб чиққан ёш йигитчага 330.000 сўм берди-да айтилган манзилга молни етказиш учун ғизиллаб кетди. Аммо айтилган манзилда ҳеч қим уни кутиб олмади, телефон қўнғироқларига жавоб ҳам бўлмади. Шу куннинг ўзида Жалолиддин 350.000 сўмга, Отабек 170.000 сўмга  худди шу йўсинда чув тушди.

— Қора целлофан пакетларга оддий қоғоз бўлакларини солиб, гўёки телефонда айтилган товарларни бериб юбораётгандек кўрсатиб, аслида берувчи ҳам олувчи ҳам ўзи эканлигини яшириб пул ишламоқчи бўлган Бобурнинг ҳийласи фош этилди, — дейди  Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Сарваржон Собиров, — Тергов жараёнида у фойдаланган уяли телефонини йўқотиб қўйганлигини айтиб, айбини тан олмасликка уринди, аммо ўтказилган фоноскопик экспертиза буюртмачининг овози айнан Бобурга тегишли эканлигини тасдиқлагач, қилмишидан пушаймонлиги, айбига тўла иқрорлигини билдирди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди очиқ сайёр суд мажлисида Бобурнинг қилмишларини кўриб чиқди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, келтирилган зарарни тўлиқ қоплагани, муқаддам судланмаганлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “ба” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech