Бугун мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрига дунёнинг кўплаб жойларидан сайёҳлар оқими ошмоқда. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва туристик объектлар яқинида йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари зиммасидадир.
– Ходимларимиз кундалик хизматда «Инсон қадри учун» тамойилига амал қилишади, – дейди шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Улуғбек Аъзамхўжаев. – Икки-учта хорижий тилда бемалол гаплаша оладиган ходимларимиз туризм объектларига ташриф буюрувчилар, айниқса хорижий сайёҳларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр туришади. Қизиқувчан сайёҳларга уларнинг мурожаати асосида турли тилларда маълумот ва амалий ёрдам берилади.
Айрим сайёҳлар ноқулай вазиятларга тушиб қолганида ёки эҳтиётсизлик оқибатида буюмини йўқотганида ҳам ходимлар уларнинг мушкулини осон қилишади. Хусусан, яқинда юртимизга Шри-Ланкадан меҳмон бўлиб келган Надараса Сармила қариндошлари билан ресторанда кечки овқатни тановул қилиб, меҳмонхонага таксида йўл олган. Манзилга етиб келган сайёҳ, машина салонида қўл сумкасини унутиб қолдирганлигини пайқайди. Шундан сўнг ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Хавфсиз туризмни мувофиқлаштириш бошқармасининг «1173» рақамига қўнғироқ қилиб ёрдам сўрайди.
Мазкур ҳолат юзасидан, бошқарма ходимлари томонидан ўз вақтида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида хорижлик фуқарога тегишли қўл сумкаси топилди ва ичидаги буюмлари билан тўлиқ ҳолда эгасига топширилди.
Юртимиз билан сайёҳларнинг қизиқишига мамлакатимиздаги тинч ва осудалик, шунингдек сайёҳлар хавфсизлигига ишончли кафолат сабабдир. Бунда эса хавфсиз туризмни таъминлаш соҳавий хизмат ходимларининг муносиб ўрни бор.
Шу ўринда фуқароларимизга бир нарсани эслатиб ўтишни жоиз билдик. Аэропорт, темир йўл вокзалларида ёки туризм объектларида қаровсиз қолдирилган буюмларни учратганингизда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Хавфсиз туризм бошқармасининг «1173» қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шунда сиз маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг йўқотиб қўйган буюмларини ўз вақтида топилишида кўмак берган бўласиз.