Фан тараққиёти, илғор технологияларнинг турмушимизга кириб келиши ҳаётимизни енгиллаштириш билан бирга ўзига яраша муаммоларини ҳам “кўрсатиб” қўймоқда. Ҳар бир янгилик инсоннинг яхши яшаши, фаровонлиги ва тўкинлигини таъминлашни кўзда тутади. Компьютерларимиз, уяли телефонлар ва бошқа гаджетларнинг яратилишида одамларнинг меҳнатини осонлаштириш, қулайлик туғдириш, узоғини яқин қилиш, мулоқотини жонлантириш, билимларини кенгайтириш, дунёқарашини шакллантириш каби эзгу ниятлар ётади.
Аммо эзгу ниятларда ихтиро қилинган кашфиётлар айрим нопок кимсаларнинг қинғир манфаатларига ҳам хизмат қилмоқда. Ишламай пул топиш ниятида бўлганлар ушбу имкониятларни ўз фойдаси учун ишлатиш йўлларини излайдилар. Натижада жиноятларнинг янги турлари пайдо бўлмоқда. Айниқса, интернетнинг телеграм, инстаграм ресурсларидан фойдаланиб, содир этилаётган жиноятлар кўлами, афсуски кенгаймоқда.
Анчадан бери ишсиз, чўнтагида хемири йўқ Садир (исмлари ўзгартирилган) пул топишнинг ўзига хос усулидан фойдаланишни бошлади. Интернет тармоғига қуйидаги эълонни жойлайди: “ “Glamour ...” масъулияти чекланган жамияти кўнглингиз тусаган, истаган турдаги, шаклдаги, русумдаги мебель ясаш билан шуғулланади”. Уялмасдан, бошқа мебель корхоналарининг сайтга жойлаштирган расмларидан ўз маҳсулоти сифатида фойдаланди. Нархлари арзон, сифати аъло деб харидорларни жалб қилди. Соддалар унга қўнғироқ қилиб, ўзларига ёққан мебеллар бўйича буюртма бера бошлашди. Нархи ва русумини келишган мижозлар кимдир интернет орқали онлайн тарзида аванс ўтказди, кимдир ўзи ўз қўли билан АҚШ доллари кўринишида топшириб кета бошлашди. Ваҳоланки, Садир ҳеч қандай МЧЖ очмаган ва мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланмаган. Бирорта фуқаро унинг фаолиятини текшириб кўрмаган.
Садир эса ваъдани қуюқ қилиб, пулни олганлиги ҳақида аввалдан қўлбола усулда тайёрланган бланкларга қалбаки муҳр уриб, имзо чекиб бераверди. Айримларга эса ишонч уйғотиш мақсадида, ўз паспортининг нусхасига имзо чекиб, муҳр ҳам босарди. Яна кимларгадир тилхат ёзиб берарди. Кейинчалик телефон орқали излаб топа олмаган, алданган фуқаролар паспортда кўрсатилган манзил бўйича қидириб борганларида, эшикни очган одам, улар излаётган шахс бу ерда анчадан бери яшамаслиги, кўплаб одамлар излаб келаётганлигини айтади.
Орзусидаги мебелларнинг келишидан ойлаб дарак бўлавермагач, қўнғироқлар жавобсиз қолавергач, чув тушганини ҳис қилишган мижозлар ижтимоий тармоқ орқали ўзларига ўхшаш жабрдийдаларни қидира бошлашди. Мавжуд бўлмаган мебель цехи маҳсулотларининг рекламасига учган бир неча ўнлаб мижозлар бирлашиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди.
Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари кўпчилик номидан битилган шикоятни кўриб чиқиб, фирибгарнинг изига тушдилар. Тез орада яшаш манзилини ўзгартириб, соддаларнинг пулларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган Садир ушланди. Тергов у жараёнида айбини тан олмади. Бироқ жабрдийдалар билан юзлаштирилганда миси чиқиб, кўрсатмалар бера бошлади. Терговда Садирнинг айби тўлиқ исботланди ва унга нисбатан жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди.
Шу ўринда фуқароларимиздан бу каби фирибгарлар найрангига тушмаслик учун бир қатор эҳтиёт чораларини кўришларини сўраб қоламиз: ижтимоий тармоқлар орқали берилган эълонда кўрсатилган юридик ташкилот ҳақиқатдан мавжудми ёки йўқми, солиқ идоралари орқали ёки ҳудудий профилактика инспекторлари орқали текширинг. Кўрсатилган юридик манзилни шахсан бориб кўринг, қанча муддатдан бери фаолият олиб бораётганлигини ўрганинг. Ҳужжатлар юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилганлигига аҳамият беринг.