Бугунги кунда исталган ишни уяли телефон орқали ҳал қилиш имконияти бор. Интернет тармоғига уланган бўлсангиз бас. Жаҳонгир ҳам ижтимоий тармоқларда ўтириб, кирмаган сайти, кўрмаган контенти қолмаган. Уч нафар вояга етмаган фарзандининг парвариши-ю тарбияси эса ота-онаси ва турмуш ўртоғининг елкасида. Ижтимоий тармоқлардаги савдо сайтларидан биридаги эълонларни кўздан кечириб ўтираркан, сотилаётган икки бош чорва моллари ҳақидаги эълон эътиборини тортди. Ота-онасига мол олди-сотдиси билан шуғулланишга аҳд қилганини айтиб, ялиниб-ёлвориб бошига уч миллион сўм олди. Қўнғироқ қилиб, манзилни қўлга киритгач, йўлга тушди. Ўшанда 2021 йилнинг 16 декабри эди. Жаҳонгир икки бош қорамол учун 5 миллион сўм беришини айтди. Абдусамат рози бўлди. Аммо ҳозир ёнида уч миллион сўм борлиги, қолган икки миллионни уч кун ичида келтириб беришини айтганида, мол эгаси иккилана бошлади. Жаҳонгир бор маҳоратини ишга солиб, Абдусаматни кўндирди-да молларни юк машинасига орта бошлади. Шу орада қўшниси Фаррух чиқиб қолди. У ҳам қиш озиғи етмаётганлиги боис, икки бош қорамолини сотишга мажбур бўлаётганини билдирди. Жаҳонгир унинг молларини 6 миллион сўмга баҳолади ва пулларни уч кун ичида беришини айтиб, ишонтирди. Харидор уч кундан кейин ҳам, 10 кундан кейин ҳам, бир ойдан кейин ҳам пулларни олиб келиш у ёқда турсин, телефон қўнғироқларига жавоб бермагач, қўшнилар Яшнобод туман ички ишлар идорасига мурожаат қилишди.
– Абдусамат қўлга киритган молларни эртасигаёқ мол бозорида сотиб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборди, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов – Аслида у бошидан пулларни эгаларига бериш ниятида бўлмаганди. Афсусланарлиси, мол эгалари билан биргаликда ота-онасининг ҳам алданиб қолгани.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди Абдусаматни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми билан айбли деб топиб, етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.