15 Октябр 2024 йил 625

Омборхонадаги  “каламуш”

Равшан анча пайт ишсиз юрди. Бирида маоши кам деса, бирининг меҳнати оғир, деди. Аслида, ўтирган қиз ўрнини топар, деган иборага ўзгартириш киритилгану, ҳали оммага тарқалмаган кўринади. Қаранг, ўтириб-ўтириб, омади чопди-ей! Алоқа воситалари, уяли телефон аппаратларини дўконларга етказиб бериш, нуқсони аниқланганларини таъмирлаш, сотилмай қайтганларини ишлаб чиқарувчига қайтариш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятга оддий ишчи эмас, товаршунос – қўшимчасига омбор мудири– лавозимига қабул қилинди. Агарда ўшанда жамият раҳбарлари қўйларни иштаҳаси карнай бўрига топшираётганини, омборхонага икки оёқли “ каламушни”  қўйиб юбораётганини билишганида эди, Равшанни валломати тавсия қилганида ҳам ишга олишмаган бўларди. 2021 йилнинг июлида ишга қабул қилинган хизматчи кўп ўтмай омбордаги молларга кўз олайтира бошлади. Унинг ёқтирмаган одамлари дўкондорлар эди. Чунки, улар бир парча “накладной”ларни кўтариб келиб, қути-қути молларни олиб кетишар, гўёки Равшаннинг юрагининг бир парчасини юлиб кетишаётгандек кўнглини беҳузур қилар, қутилар ичида миллион-миллион пулларнинг ундан узоқлашиб кетаётганини омбор мудири ҳазм қилолмасди. ахийри ундаги ғараз, бузуқ нафс, эгрилик бўй кўрсатди. Алоқа воситаларини дўконларга тегишли ҳужжатлар  асосида топшириш ўрнига ўзи сотиб даромад топишни режалаштирди. 2022 йилнинг 26 июнида қайси бирини нуқсонли, қайси бирини қимматлиги учун сотилмагани яна қайсисинидир синган-бузилганлиги ҳақида сохта далолатномалар тузиб, имзоларни қалбакилаштириб 2 дона “Samsung Galaxy Z” смартфони, 15 дона “Samsung Galaxy S 22” , 7 дона “Iphone 13 Pro” –  жами 24 дона телефонларни ноқонуний равишда омборхонадан гумдон қилди.Ўғирланган телефонларни тергов жараёнида аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборди. Қилмишининг аввалида безовта ва хавотир сезган Равшан бир муддат ўзини ҳалол ва ишга жонкуяр кўрсатишга тиришиб юрди. Аммо қинғирликдан ҳеч ким хабардор эмаслигини билгач, хотиржам тортди. Айниқса, телефонларнинг сотувидан тушган мўмай даромад, жазосизлик уни “илҳомлантирди”. Орадан кўп ўтмай худди шундай ҳужжатларни сохталаштириш орқали 51 дона “Redmi 10”, 21 дона “Redmi 11”, 4 дона “Galaxy A 23”,  4 дона   “Galaxy A 33”, 4 дона “Galaxy A 53” – жами 84 дона  яъни 40.276 АҚШ долларилик телефонларни ноқонуний олиб чиқиб, сотиб пулини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди.

Бироқ ҳар жойда эртами кечми назорат, ҳисоб-китоб  қилиниши муқаррар. Жамият раҳбарияти ҳам ўз корхонасида режали равишда тафтиш ва инвентаризация ўтказишни бошлади. 

 – Масъулияти чекланган жамият томонидан ўтказилган текширувлар натижасида ҳужжатларнинг сохталаштирилгани ортидан жамиятга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилгани маълум бўлди, – дейди Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги  Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Одил Маматаев. –  Тергов жараёнида Равшандан ташқари яна икки шахсга нисбатан жиноят ишлари очилиб, алоҳида иш юритувига ажратилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди 1994 йилда туғилган С.Равшаннинг қилмишига қонунан баҳо берди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  167-моддаси  3-қисми “а” банди (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш”) билан айбли деб топилди ва етказилган моддий зарар қопланганлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Шунинг билан бирга 1 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. 

Барча янгиликлар

Text to speech