28 Август 2024 йил 531

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бўлиб ўтди

Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бошланди. 

Давлатимиз раҳбари ўғил-қизларни 33-ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, эришган улкан тарихий ғалабаси билан яна бир бор чин қалбдан самимий муборакбод этди.

"Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди. Аввало, мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар кураши, камондан ўқ отиш, сувга сакраш, футбол каби спорт турлари бўйича спортчиларимиз илк бор Олимпия ўйинларида қатнашганини алоҳида эътироф этиш керак",  - деди Президент.

Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши таъкидланди.

"Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. 

Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди",  - деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқ экани қайд этилди.

"Эсингизда бўлса, биз Токио олимпиадасидан сўнг кейинги сафар албатта жаҳонда кучли ўн бешталикка кирамиз, деб ният қилган эдик.

Лекин фақат ниятнинг ўзи билан чекланмасдан, аввало, бу масалага бўлган қарашимизни ўзгартириб, уч йил давомида қаттиқ ва тинимсиз меҳнат қилдик, спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб, ана шундай юксак марраларни забт этдик",  - деди Президент нутқининг давомида.

Тўрт йилда бир марта ўтадиган бундай йирик халқаро мусобақада дунёдаги ҳар бир мамлакатнинг спорт соҳасига бераётган эътибори, миллат ва халқнинг жисмоний ва маънавий салоҳияти яққол намоён бўлади.

Бундай улкан аренада энг кучли ва моҳир атлетлар, зўрларнинг зўри иштирок этади. 

"Шу маънода, сизлар халқимизнинг чинакам қаҳрамонлари, ботир ўғил-қизлари, Ватанимиз ифтихорларисиз. Барчамиз сизлар билан ғурурланамиз!",  - деди Президент.

Учрашувда Олимпиада ўйинларида юртимиз вакиллари бир қатор рекорд натижаларни қўлга киритгани қайд этилди.

Масалан, дзюдо бўйича бизда илгари олтин медаль бўлмаган эди. Бу сафар матонатли дзюдочи қизимиз Диёра Келдиёрова томонидан ушбу марра забт этилди. 

Олимпия ўйинлари тарихида ўзбекистонлик аёллар ўртасида биринчи марта олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа Диёра яна бир рекорд ўрнатди.

Яна бир жасур қизимиз – Светлана Осипова эса, таэквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, мамлакатимиз аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди. 

Шу тариқа спортчи қизларимиз битта Олимпиадада илк бор 2 та медални қўлга киритиб, янги рекорд ўрнатишга эришдилар.

Ўзбекистон таэквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди. 

Айниқса, моҳир спортчимиз Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди. 

Шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой эгаллади.

У оёғидан қаттиқ жароҳат олганига қарамай, шиддатли финал жангида кучли рақибга қарши мардона жанг қилиб, ғолиб қаҳрамонга айланди.

Бокс бўйича миллий терма жамоамиз олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини ёки 71 фоизини бизнинг боксчиларимиз қўлга киритдилар. 

Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз Ўзбекистон ифтихорлари – моҳир боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқовни ана шундай шонли ютуқлари билан яна бир бор қизғин табриклади.

Эркин кураш бўйича 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Олимпиада олтин медали қўлга киритилгани ҳам тарихий ютуқ бўлгани таъкидланди. 

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари моҳир курашчи Разамбек Жамаловни ҳам самимий қутлаб, унга янги зафарлар тилади. 

Мамлакатимиз жамоаси эришган ютуқларда кумуш медаль соҳиби – оғир атлетикачи Акбар Жўраев, бронза медаль совриндорлари – эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, тажрибали дзюдочиларимиз Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсуповнинг ҳам ҳиссаси катта бўлгани эътироф этилди. 

"Бугун ҳаёт, замон кескин шиддат билан ўзгармоқда. Мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, мамлакатимиз барча соҳаларда дадил олдинга бормоқда. 

Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётига албатта мана шундай улкан ғалабалар ярашади.

Шу маънода, сизлар Парижда эришган натижаларингиз билан ўз номингизни миллий спортимиз тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйдингиз.

Сизлар халқимиз қалбидаги миллий ғурур туйғусини ҳар томонлама юксалтирдингиз. Энг муҳими, бундай порлоқ ғалабалар эл-юртимизни руҳлантиради, янада бирлаштиради. Улар ёшларимиз учун мардлик ва матонат, ибрат ва шон-шараф мактаби бўлиб хизмат қилади.

Ҳеч шубҳасиз, бу оламшумул ютуқларда сиз, азиз спортчиларимиз билан бирга талабчан ва фидойи устоз-мураббийлар, мутахассис ва мутасаддилар, сизларга чин дилдан омад тилаб турган бутун халқимизнинг ҳиссаси ҳам беқиёсдир",  - деди Президент.

Президентимиз Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини астойдил ҳимоя қилган, лекин озгина омади келмаган спортчиларимизни ҳам самимий табриклади.

Хусусан, бадиий гимнастика бўйича спортчи қизларимиз Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта гуруҳ беллашувларининг финал босқичига етиб бордилар. 

Улар дунёнинг энг кучли 8 та жамоаси орасидан жой эгаллагани ҳам ўзига хос муҳим натижа бўлгани қайд этилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олимпия майдонларида тўп сурган навқирон футболчиларимиз жаҳондаги энг кучли жамоаларга қарши муносиб кураш олиб боргани таъкидланди.

"Олимпиада ўйинлари кўплаб спортчиларимиз учун, гарчи улар совринли ўринларга эришмаган бўлсалар ҳам, ўзига хос катта тажриба мактаби бўлди. Ва барчамиз келгусида улардан юксак натижалар кутишга ҳақлимиз",  - деди Президент.

Президент барчамиз гувоҳи бўлган яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтди.

Спортчиларимизнинг улкан ғалабалари нафақат халқимизни, балки бутун минтақамизни руҳлантириб юборди. Бундай ютуқлар халқларимизни бирдамликка, ҳар қандай шароитда ҳам елкама-елка туришга чорлагани қалбимизни фахру ғурурга тўлдирди.

Айниқса, бокс бўйича ўзбек мураббийси Акмал Ҳасанов қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ёрдам бериб, уни мусобақанинг финалигача боришида кўмаклашгани минтақамиздаги дўстона муносабатнинг ёрқин намунаси бўлди.

"Аҳил қўшничилик тамойилларига қурилган сиёсатимиз бугун халқларимиз юрагига кўчганини кўриш албатта қувончлидир",  - деди давлатимиз раҳбари. 

Шу кунларда барчамизнинг эътиборимиз Паралимпия ўйинларига қаратилгани таъкидланди. 

Президент ушбу нуфузли халқаро мусобақаларда қизғин кураш олиб бораётган мард ва матонатли спортчиларимизни Мустақиллик байрами билан чин дилдан қутлаб, барча беллашувларда уларга улкан куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилади.

Президентимиз Париждаги натижаларни чуқур таҳлил қилиб, улардан зарур хулоса ва сабоқлар чиқарган ҳолда 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган навбатдаги олимпиадага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклигини қайд этди.

Масалан, Париж олимпиадасида 32 та спорт тури бўйича 329 та медаль учун кураш олиб борилди.

Сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси, енгил атлетика, эшкакли, байдарка ва каноэда сузиш, велоспорт, ўқ отиш ва камондан отиш, гимнастика бўйича бизда спорт федерациялари ҳам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун тегишли база ҳам бор. Энг муҳими, бу борада иқтидорли спортчилар ҳам етарли экани таъкидланди. 

Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турлари, юнон-рум кураши, от спорти, замонавий бешкураш, триатлон, қиличбозлик бўйича ҳам ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз жуда кўплиги қайд этилди.

"Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки,  спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар", - деди Президент.

Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.

Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.

Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.

Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.

Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.

"Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – Олимпиада ўйинларида нафақат курашчи-паҳлавонлар юрти, балки чавандоз ва югурувчилар, мерган ва қиличбозлар,  гимнаст ва сузувчилар, футболчи ва теннисчилар, марафончи ва велоспортчилар мамлакати сифатида ҳам муносиб иштирок этиши керак", - деди Президент.

Бунинг учун мамлакатимиздаги зарур спорт инфратузилмасига эга бўлган 15 та Олимпия ва паралимпияга тайёрлаш маркази, 6 та Республика олий спорт маҳорати мактаби, 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабига ана шу йўналишларда юқори маҳоратли спортчиларни тарбиялаган маҳаллий ва хорижий тренерларни бириктириш лозимлиги таъкидланди. 

Ҳукуматга спорт федерациялари раҳбарлари билан биргаликда ҳар томонлама асосланган таклифларини киритиш топширилди.

Оммавий спортни ривожлантириш миллий олимпия ҳаракатининг ажралмас бир қисми бўлиши кераклиги қайд этилди. 

Шу боис мамлакатимизда оммавий спортни янада ривожлантириш ҳақида таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яқинда Президент фармони билан 33-ёзги Олимпиада ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, уларнинг мураббийлари ҳамда спорт делегациямиз аъзоларидан бир гуруҳи мукофотланган эди.

Бугунги маросимда давлатимиз раҳбари ушбу юксак мукофотларни ўз соҳибларига тантанали топширди.

Сўзга чиққан спортчилар, муррабий ва ота-оналар эътибор ва ишонч, яратилган шароитлар ва рағбат учун миннатдорлик билдирди.

Президент уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, келгуси фаолиятида янада улкан зафарлар тилади.




Барча янгиликлар

Text to speech