19 Август 2024 йил 1086

Ғолиблик муборак!

        Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини шахсий таркибга етказиш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада  тарихимизни, аждодларимиз меросини ўрганиш келажагимизга дадил ва ишонч билан қадам қўйишимизга асос бўлади. Ички ишлар органларининг ҳам бой, бетакрор, ўзига хос  тарихи борлиги, уни ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида, республикамиз ИИВнинг 2022 йилдаги буйруғига асосан, ички ишлар органларида “Энг намунали музей” кўрик-танловини ўтказиш бўйича тамойиллар белгиланганди. Вазирлик ишчи гуруҳи аъзолари  республикамиз ички ишлар органларида ўтган вақт оралиғида ташкил этилган 8 та музей фаолияти билан танишиб ғолибларни аниқлаб, эълон қилди. Ҳакамлар биринчи босқичда қуйидагилар: ички ишлар органи тарихи ёритилганлик даражаси ва ўзига хослиги, уни жиҳозлашда замонавий технологиялардан фойдаланганлиги ва янги ташаббуслар, сўнгги бир йилда музейга ташриф буюрганлар сони, музей ашёлари ва коллекцияларини бойитиш бўйича амалга оширилган ишлар, ашёларни муҳофаза қилиш (ёнғин хавфсизлиги, видеокамера ва бошқалар билан жиҳозлаш), ашёларни сақлаш (архив) шарт-шароитлари, музей фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали жумладан, ижтимоий  тармоқларда ёритилганлиги каби тамойиллар бўйича 5 баллик тизимда баҳолашни ўтказишди. Иккинчи босқичда эса: ИИО ташкил этилиш тарихи, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган, давлат мукофотларига сазовор, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар ҳақида маълумотлар, давлат мукофотлари ва идоравий кўкрак нишонлари акс эттирилган стендлар, спортдаги муваффақиятлар, спорт кубоклари, қўлга киритилган медаллари, Республикамиз Президентининг ИИОга ташрифлари ва фаолиятига оид истиқболлари, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотларнинг ёритилиши кабилар ҳам 5 баллик тизимда  баҳоланди.


        Ҳакамлар тақдим этилган ҳужжатлар, видеолавҳалар, фотоальбомларни холислик ва адолат тамойилларига кўра ўрганиб чиқиб, бир овоздан: “Энг намунали музей” номинациясида Тошкент шаҳар ИИББнинг “Шон-шараф музейи”ни ғолиб, деб топди ва  1-даражали диплом ва компьютер жамланмаси билан тақдирлади.


       Биз ҳам ғолибликни қўлга киритган пойтахт ИИББ “Шон-шараф” музейи раҳбари, Шаҳобиддин Муҳиддиновни ғолиблик билан табриклаб, ички ишлар органлари фаолиятини келгуси авлодларга тўлақонли етказиш, музейни асори ашёлар билан бойитишда муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech