14 Сентябр 2024 йил 673

Ойнаи жаҳон оҳанграбоси

Касби мусиқа ўқитувчиси бўлганлиги сабабли, Муаттархон ижтимоий тармоқлардаги мусиқа танловларини ҳамиша кузатиб боради. Иқтидорли ўқувчиларини танловларга тақдим этади. 2022 йилнинг август ойи ўрталарида навбатдаги “Йилнинг фидокор ўқитувчиси” номли онлайн кўрик-танлови эълонига кўзи тушди. Қўнғироқ қилиб бу қандай танлов эканлиги, қандай ҳужжатлар топшириши лозимлиги билан қизиқди. Ўзини «Жавоҳир», деб таништирган, лекин аслида муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Худойшукур, лойиҳанинг бевосита таъсисчиси эканлигини, ғолибларга мукофот пули 20 миллионни ташкил этишини айтди. Муаттархон ўз номзодини тақдим этгач, орадан кўп ўтмай, яъни 1 сентябрь куни «Жавоҳир» аёлга қўнғироқ қилиб, ғолиб бўлганлиги билан табриклади. Ташкилий ишлар учун озгина харажатдан қочмаса, унинг тажрибалари телевидение орқали бутун республикага намойиш этилиши, шунда маҳаллий ҳокимиятнинг ҳам моддий ёрдамидан умид қилса бўлишини шама қилди. Аввалига Муаттархон унинг пластик картасига 505.000 сўм, кейин 1 миллион сўм, сўнг гўёки сеҳрлаб қўйилгандек яна 2.505.000, 1.212.000, 4.538.000 сўм ўтказиб берди. Муаттархон телевидениега чиқишни шунчалик хоҳлаган экан-ки, 2 сентябрдан 30-сентябрга қадар жами 9.735.000 сўм ўтказиб ҳам бунинг фириб эканлиги ҳақида ўйлаб кўрмади. Худойшукур 2023 йилнинг 2 июнида ўзининг уяли телефонидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда аслида мавжуд бўлмаган “Ватаним тинчлигига кўзлар тегмасин” номли сохта кўрик-танловни эълон қилди. Бу сафар унинг қармоғига мусиқа ўқитувчиси, 1973 йилда туғилган Камола илинди. Эълондан 15 кун ўтмай у “танлов ғолиби” бўлиб, телевизорга чиқиш истагида «таъсисчи»нинг пластик картасига 3.030.000 сўм пул ўтказиб берди.

– Айбланувчи 1999 йилда туғилган Худойшукур муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган, шунга қарамай фуқароларни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш мақсадида уяли телефони имкониятларидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқда мавжуд бўлган онлайн танлов гуруҳига кириб, сохта кўрик-танловларни эълон қилди, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Ферузбек Султонов. – Кейин эса жабрдийдаларни телевидение орқали иш тажрибаларини намойиш қилиш билан қизиқтиради ва бу орқали уларнинг пулини олиш ҳақидаги ниятига эришади ҳам.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Худойшукурни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «Б», "г” бандлари («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Суд унинг қилмишига пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech