Инсон онги шуури жаҳон тамаддуни юксалишида беқиёс. Рақамли технологиялар ҳам инсоният маҳсули. Аввали эзгуликка йўғрилган илғор технологияларнинг шиддат билан ҳаётимизга кириб келиши унинг инсон фаолиятига, туриш-турмушига таҳдидларини ҳам намоён эта бошлади. Кибертаҳдидларнинг олдини олиш, фуқароларни огоҳликка чақириш, киберхавфсизлик ва ахборот-технологиялар соҳасидаги жиноятлар билан боғлиқ тушунча ва билимларини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда пойтахт ИИББ бошлиғининг фармойишлари асосида, пойтахт ҳудудида жорий йилнинг 1 июлидан 30 июлига қадар “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” комплекс тарғибот тадбирларини ўтказиш белгиланганди.
Тадбир доирасида пойтахт ҳамда туман ҳокимликлари ҳамкорлигида “маҳаллабай, “хонадонбай” ва “фуқаробай”, шунингдек, мавжуд барча маҳаллаларда офлайн тартибда ушбу мавзуларни қамраган тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Корхона, ташкилот ва маҳаллаларнинг мингдан ортиқ телеграмм гуруҳларига 50 дан ошиқ тарғибот материаллари жойлаштирилган бўлса, 1 миллион 257 минг нафардан зиёд фуқаролар билан очиқ мулоқотлар уюштирилиб, мавзуга оид флайер ва буклетлар тарқатилди. Тайёрланган видеотаҳлиллар, тезкор сўров ва суҳбатлар шаклидаги видеоконтентлар ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда эълон қилиб борилди. Мазкур жараёнда 15 миллион кузатувчиларига эга бўлган 169 та тармоқ каналлари ва саҳифаларида узлуксиз жойлаштириб борилган тарғибот материаллари 10 миллиондан, оммавий ахборот воситаларидаги нашр ва радио-телевидениедаги чиқишлар 12 миллиондан ортиқ маротаба кўрилди. Йўллардаги реклама экранлари, одам гавжум жойларда радиоузеллар ва бошқа мосламалар ёрдамида кибертаҳдидлар, кибержиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни огоҳликка чақириш борасида эслатмалардан кенг фойдаланилди.
“Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари аниқланди. Унга кўра “Кибертаҳдидлардан огоҳлантирувчи расмлар” номинациясида биринчи фахрий ўрин Солиҳа Раҳимовага, иккинчи ўрин Омина Тоҳирова, учинчи ўрин Гулноза Рисбековага насиб этди.
Тиббиёт ходимлари иштирокида ўтказилган “Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!” номинациясида биринчи ўринни Феруза Мирзаҳмедова, иккинчи ўринни Учтепа тумани 25-оилавий поликлиника жамоаси, учинчи ўринни Дилором Умарова эгаллади.
Жисмоний имкониятлари чекланган фуқаролар ўртасида ўтказилган “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” номли номинациясида: 1-ўринни Александр Мостовой, 2-ўринни Баҳодир Қурбонов, 3-ўринни Севинч Нажаповалар қўлга киритишди.
Меҳнат мигрантлари иштирокидаги “Олисдаги яқинларим, огоҳ бўлинг!” номинациясида эса Шоҳруҳ Саидаҳматов биринчи, Шарофат Ярматова иккинчи, Холида Турсунова учинчи ўрин соҳибига айланишди.
“Энг фаол маҳалла” номинациясида Чилонзор тумани “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси бош ўринни, Юнусобод тумани “Увайсий” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси фахрий иккинчи, Олмазор тумани “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси учинчи ўринларга муносиб деб топилди.
Блогер ва журналистлар ўртасида аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантиришга қаратилган “Энг яхши миллий контент” номинациясида Равшанхон Абдуакимов биринчи, Мақсуда Ширинбоева иккинчи, Муҳаммад Амир Ҳаётзода учинчи ўринларни эгалладилар.
Фуқароларда кибергигиенани шакллантириш учун комедия жанридаги “Ҳажвий роликлар” номинациясида эса Бобур Мансуров тайёрлаган роликка тенг келадигани топилмади.
Танлов ғолибларининг ойликка қўшган ҳиссалари эътироф этилиб, уларга тегишли диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.