12 Октябр 2024 йил 1213

Ойлик доирасида Юнусобод туманида олиб борилган тарғибот тадбирлари тўғрисида

Юнусобод тумани ИИО ФМБ ходимлари ташаббуси билан "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш" ойлиги доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабалар турар жойида “Гиёҳвандлик – умр заволи” мавзусида учрашув ўтказилди. Тадбирда талаба ёшлар, ўқитувчи-мураббийлар иштирок этди.


Учрашувда туман ИИО ФМБ масъул ходимлари сўзга чиқиб, ёшлар орасида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиш кўпаяётгани натижасида оғир турдаги жиноятлар содир этилаётганини қайд этишди.


Тадбир якунида гиёҳвандликнинг оғир оқибатларини ўзида акс эттирган «Аср вабоси» номли видеоролик намойиш этилди.


Худди шундай тарғибот тадбири Тошкент давлат иқтисодиёт университети Банк иши факультетида ташкил этилди.


Учрашувда мазкур гиёҳвандликка қарши курашишни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, бу борада ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини янада ошириш, ушбу жиноятга қўл урган шахсларга эса, жазо муқаррарлигини қатъий таъминлаш лозимлиги қайд этилди.


Ойлик доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ масъул ходимлари учрашув ўтказди.


Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан талаба-ёшлар учун мавзу юзасидан керакли бўлган тушунчалар ҳамда тавсиялар берилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди. Қолаверса талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.


Бу каби тадбирлар пойтахтнинг барча туманларида ўтказилиб келинмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech