Матназар Матчанов зиёлилар оиласида туғилди. Отаси Ғоиббой ва онаси Севара Хива шаҳридаги 8-ўрта мактабда нафақага чиққунга қадар ёш авлодга таълим-тарбия бериб келишди. Матназар оиланинг тўққизинчи фарзанди бўлиб мустақиллигимизнинг илк йили – 1991 йилда дунёга келди. Ота-онаси фарзандларининг илм олишларига катта эътибор қаратгани боис, уларнинг деярли ҳаммаси олий маълумот олиб, турли соҳаларда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Улардан икки нафари – Эргашбек ва Равшанбеклар юртимиз тинчлик-осойишталигини сақлаш ишларига муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаб, ички ишлар идораларида сидқидилдан хизмат олиб боришди. Равшанбек майор унвонида нафақага чиққан бўлса, Эргашбек подполковник унвонида хизматни Хоразм вилояти ИИБда давом эттирмоқда. Матназар эса Тошкент олийгоҳини битириб дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар бош бошқармасида бош мутахассис бўлиб иш бошлади. Бу даргоҳда орттирган тажрибаси унинг 2020 йилда Хоразм вилояти Хонқа тумани ИИБда профилактика инспектори бўлиб иш бошлаганида жуда қўл келди. Шунга қарамай бўлинма катта инспекторлари, майорлар Кўпал Латипов ва Отабек Аллабергановларни ўзига устоз деб билади. Қаҳрамонимиз айниқса ёшлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича ёшлар, ўсмирларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, ҳуқуқий саводхонлигига катта эътибор қаратиб, бу борада тарғибот ишларини кучайтирди. 2022 йилда эса тегишли малака ва тажрибага эга бўлган ходим Тошкент шаҳар ИИББда аввал профилактика катта инспектори, бугунги кунда эса Бош бошқарма Ташкилий бошқармаси таҳлил гуруҳи катта инспектори лавозимида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Катта лейтенант Матназар Матчановнинг пойтахт ҳудудидаги туманлар кесимида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар ҳолати, унинг келиб чиқиш сабаблари, содир этган шахслар ва бошқаларни ўрганиб, уларни таҳлили натижасида олдини олиш ва курашиш борасида зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилишида алоҳида ўрни бор. Гуруҳ ходимлари томонидан ишлаб чиқариладиган йўл харитаси, чора-тадбирлар режасининг пухталиги, ҳаётийлиги ҳамда аниқлиги пойтахт ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш самарадорлигини ошириш имконини беради.
— Асрлар оша озодликни қўлга киритиш дунё халқларининг орзуси бўлиб келган, – дейди катта лейтенант Матназар Матчанов. – Шукрки, бу кунларни кўриш бизга насиб этди. Бироқ бу ўз-ўзидан бўлмади, албатта. Мустақиллигимизни кўра олмайдиган кучлар томонидан уюштирилган бир қатор террорчилик ҳаракатлари халқимиз ёдидан кўтарилгани йўқ. Мустақиллик – бу улуғ неъмат. Уни асраб-авайлаш авлодларимизга муносиб равишда етказиш бизнинг вазифамиздир. Ва бу ишда озми-кўпми ҳиссам борлигидан бахтиёрман.