Ички ишлар идораларида самарали меҳнат қилиб ҳурмат ва эҳтиром билан нафақага чиқиб, кексалик гаштини сураётган фахрийларимизни ғайрат-шижоат ҳануз тарк этмаган. Фахрийларимизнинг шарафли хизмати ва ҳаётий тажрибалари бугунги ёш ходимларимиз учун ҳаёт мактаби, ибрат намунаси бўлиб келмоқда. Пойтахт ИИББ раҳбарияти томонидан фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, воқеликдан ажралиб қолмаслигини таъминлаш, саломатлигини сақлаш, фойдали машғулотларга жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Бош бошқарма фахрийлари ўртасида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақа ўтказилди. Унга спортнинг бу тури билан қизиқувчи барча фахрийлар таклиф этилди.
Ҳар икки тур бўйича ғолибликни қўлга киритган фахрийлар тегишли диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Қизиқарли ва муросасиз ўтган мусобақа фахрийларимиз учун заковат беллашуви бўлибгина қолмай, улар мусобақа баҳона – хизмат даврини хотирлаш, узоқ кўришмаганлар учун ёқимли учрашув ва самимий суҳбат қуриш имконини берганидан беҳад мамнун бўлишди.