1 Август 2024 йил 700

Муштумзўр ака-укалар

Аслида ака-укалар бир-бирларини ёмон йўллардан қайтариши, ноқонуний хатти-ҳаракатлардан  асраши, тўғри йўл кўрсатиши, жилла қурса, қилмишидан кейин бир-бирини чоҳга итармаслиги керакмасми?! Бироқ ҳикоямиз қаҳрамонлари бунинг акси бўлиб чиқди.

2021 йилнинг 18 декабрида, соат 18.30ларда 24 ва 22 ёшли ака-укалар Чилонзор туманида жойлашган “Ҳавас” супермаркети ёнида бекорчиликдан зерикиб, тегмаганга тегиб, ўтганнинг ўроғига, кетганнинг кетмонига кўз олайтириб ўтиришганди. Уларнинг эътибори 1984 йилда туғилган одми кийинган, озғин жуссали, бечораҳол  Эргашга қаратилди. Атай бориб унинг нафсониятига тегадиган гаплар гапира бошлашди. Бир неча дақиқалик сўзлашув муштлашувга айланди. Қўллар ишга тушиб, Эргаш калтак тагида қолди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси муштлашув натижасида жабрдийда  соғлиғининг 33 фоизини йўқотгани, оғир тан жароҳати етказилганлигини тасдиқлади.

– Бекорчилик безориликка бошлайди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Ҳазратов. – Жигарбандлар бир-бирларини эзгу, хайрли ишларга ундаш, яхшиликка бошлаш ўрнига, зўравонлик, ҳасад ва жиноятга бошлагани ачинарлидир. Янада ачинарлиси, бир-бирига айбни ағдариши бўлди. Қандай жазо олишмасин, эртага бир-бирларининг юзига қандай қарашади? Ота-онасининг юзига-чи?!

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди ака-укаларнинг қилмишларига қонуний баҳо бериб, Зиёдуллани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Убайдуллони Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан айбли деб топиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.


Барча янгиликлар

Text to speech