25 Май 2024 йил 1604

Мурожаатларга муносабат

Пойтахтимиз аҳолиси уч ярим миллиондан ортиқни ташкил этади. Агар  сайёҳлар, меҳмонлар, кундалик юмушлари билан пойтахтга келиб-кетувчиларни инобатга олсак, бу рақамлар янада ортади. Рақамлар ортида эса ўз юмушлари, орзу, ташвишлари, муаммолари, эҳтиёжлари, саъй-ҳаракатлари бўлган  фуқаролар туради. Ҳаёт бор эканки, муаммолар бор, арз-шикоятлар, таклифлар бор. Уларни ҳал қилиш мақсадида турли идоралар, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига ҳам мурожаат қилинади. 

Пойтахт ИИББ Ташкилий бошқарма Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ходимлари кунига элликка яқин фуқароларни қабул қилса, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, ҳокимият томонидан ташкиллаштирилган халқ назорати, тўғридан-тўғри алоқа, ишонч телефонлари, махсус портал орқали келиб тушадиган бир неча ўнлаб мурожаатларни қайд этади. Арз-шикоятлар, мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра сараланади ва тегишли ижрочиларга ўз вақтида етказилиб, ижроси назоратга олинади. Мурожаатлар ичида ички ишлар идоралари фаолиятига умуман алоқаси бўлмаган коммунал хизмат, ободонлаштириш, ижтимоий-маиший ва кўплаб бошқа масалаларга доирлари ҳам учрайди. Ундайлар тегишлилиги бўйича  мутасадди  ташкилот ва идораларга йўлланади.

— Мурожаатларнинг аксариятини ҳуқуқбузарликлар, жамоат тартибини бузиш, оилавий, маиший низолар, терговга қадар текширув, тергов, жиноят ишларига оидлар ташкил қилади. Ушбу даргоҳга ташриф буюрувчи ҳар бир инсон ўз муаммосига ечим излаб келади, адолат излайди, — дейди бўлим бошлиғи, подполковник Нодира Тулабоева. —  Ходимларимиз ҳар бир фуқарони илиқ кутиб олишга ва тинглашга, кўнглини топиб муомала қилишга ҳаракат қилади. Жамоамизда ўз ишининг ҳақиқий фидоийлари ишлайди. Катта инспекторлар, капитан Сарвар Ҳашимов, катта лейтенант Боситжон Собиров, кичик инспектор, сафдор Абдулазиз Ибодуллаевлар ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келишмоқда. Зарур ҳолларда ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликсиз телефон орқали масалаларни ҳал қилишга, кўрилган чора-тадбирлардан фуқароларни ўз вақтида хабардор этишга интиладилар. Жамоамиз аҳил ва ғайратли ходимлар билан жамланган.

Аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бор жойда  унум ва барака бўлади.  Жамоада ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби инсоний сифатлар қадр топади. Бу илиқ ва ишчанлик муҳити мурожаатчиларнинг ҳам руҳиятига таъсир қилиб, масалалари ижобий ҳал этилишига ишонч туғдиради. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги Юсуфбек ҳожининг “Бу даргоҳдан ҳали ҳеч ким норизо бўлиб кетмаган”, деган ибораси ёдингиздами?! Бу жамоанинг фаолияти билан яқиндан танишар экансан, пойтахт ИИББдек йирик даргоҳдан бирор кишининг норизо бўлиб кетиши мумкин эмас, дегинг келади.  Зотан, бўлимнинг ўз ишига садоқатли, жонкуяр ходимлари бор экан, албатта, шундай бўлади.

Барча янгиликлар

Text to speech