Тошкент шаҳар ИИББ: “Мен кучли аёлман” лойиҳасининг иккинчи босқич якунлари сарҳисоб қилинди
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маданият саройида пойтахт ИИББ ташаббуси билан ташкил этилган “Мен кучли аёлман” лойиҳасининг иккинчи босқичи якуни бўйича тантанали тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва масъул ходимлари, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар, лойиҳа иштирокчилари қатнашди. Ахборот тeхнологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ёшлар ва аёлларни IT соҳасига жалб қилиш бўйича маслаҳатчиси Камола Собирова, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Умида Абдуллаева, Республика Маънавият ва маърифат маркази эксперти, фалсафа фанлари доктори Жамила Шермухамедова ва бошқалар меҳмон сифатида таклиф этилди.
Табрик сўзи билан чиққан меҳмонлар аёлни ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш - давлатимиз фаровонлигини муҳофаза қилиш ва ғамхўрлик қилиш эканлигини таъкидлади. Иштирокчиларга аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, оғир ҳаётий вазиятларда қўллаб-қувватлаш, муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ўз тадбиркорлик ишини бошламоқчи бўлган аёлларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга қаратилган “Мен кучли аёлман!” лойиҳаси ҳақида гапириб беришди.
Йиғилганларга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури тақдим этилди.
Тадбир сўнгида лойиҳа иштирокчиларига шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази, пойтахтимиздаги “Аёллар тадбиркорлик маркази” ва бошқа ўқув марказларининг ихтисослаштирилган курсларида малака оширишлари учун йўлланмалар тантанали равишда топширилди.