13 Сентябр 2023 йил 826

МАСЪУЛИЯТ ЯНАДА ОРТАДИ

Ҳар кун эрталаб ишга отланар эканмиз, кунлик режаларимизни тузиб, манзилга етиб борганимизни ҳам сезмай қоламиз. Аслида ушбу хотиржамлик замирида ички ишлар органлари ходимларининг заҳматли хизмати борлигини, уларнинг туну кун юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани виждонан адо этаётгани ўз аксини топаётганлигини ҳар доим ҳам ҳис қилавермаймиз. 

Учтепа тумани ИИОФМБ ЖТСБ ППХ 1-отрядида ана шундай залворли вазифани зиммасига олган осойишталик посбонлари фидойилик билан хизмат қилиб келмоқда. Уларнинг аксарияти ёш ходимлар экани жамоада ғайрат-шижоат ва тинимсиз изланиш бардавомлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир. 

Соҳавий хизмат ходимлари томонидан ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг дастлабки 7 ойида  6282 нафар шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани, 350 нафарининг иш ва яшаш жойи ноаниқ бўлгани аниқланди. Бундан ташқари, майда безорилик учун 493 нафар, жамоат жойида спиртли ичимлик ичгани учун 1592 нафар, ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармагани учун 642 нафар шахсга тегишли чоралар кўрилди. 

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ППХ ходимлари жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан ташқари, қидирувдаги шахсларни аниқлашда ҳам жасорат намуналарини кўрсатяпти. Масалан, ўтган вақт мобайнида улар томонидан 57 нафар қидирувдаги шахс аниқланиб, ушланди.

– Айни кунларда юртдошларимиздаги байрамона кайфиятни кўриб, гўзал ва бетакрор Ватанимиз осойишталигини таъминлашга масъул эканимиздан қалбимизда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради, – дейди туман ИИОФМБ ЖТСБ бошлиғи, подполковник Бахтиёр Мисиров. – Мақсадимиз, олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз халқимизнинг улуғ айёмни муносиб, тинч ва хотиржамликда нишонлашига қаратилган.

Дарҳақиқат, Учтепа тумани пойтахтимизнинг аҳолиси гавжум ҳудудларидан саналади. Тумандаги йирик бозор, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, дам олиш масканлари одамлар билан гавжум. Байрам кунлари пойтахтимизга турли вилоятлардан меҳмонлар ҳам ташриф буюради. Шу боис осойишталик посбонлари зиммасидаги масъулият янада ортади. 


Шерзод АБДУСАМАДОВ, ўз мухбиримиз. 

Барча янгиликлар

Text to speech