11 Июн 2024 йил 1358

Мастликдаги “шўхлик”

Қирқни қоралаган Шерзодга нима бўлди-ю сўнги пайтларда тез-тез спиртли ичимликка ружу қўйди. Муҳандис – бу шарафли касб. Ана шу касби ортидан уй-рўзғорини тебратиб, уч фарзандини тарбиялаб келмоқда. Аммо кўнгли дабдабани, ҳашаматни истайди. Ҳаётидан қониқмаслик туйғуси уни гоҳида  тушкунликка туширади. Ана шундай пайтларда шишага қўли кетиб қолади. Шиша ичида жилва қилиб турган “сувдан” ичса, кайфияти кўтарилиб, “омадсизликлари” чекингандай  бўлади. Ўша куни ҳам Чилонзор туманидаги қаҳвахоналардан  бирига кириб тамадди баҳонасида  спиртли ичимлик буюрди. Яхшигина кайфи ошган Шерзод кўчага чиққанида алламаҳал бўлиб қолганди. У ҳозир борса хотинининг тергашини, дийдиёсини кўз олдига келтириб, чуқур хўрсинди-ю, такси тўхтата бошлади. Бир оз юриб, ҳайдовчи йўловчисининг мастлигини билгач, унинг пойинтар-сойинтар гапларини эшитишга тоби йўқлигини айтганида, ўртада жанжал чиқди. Ҳайдовчи уни машинадан тушириб юборди. Машина ортидан ҳайдовчини буралаб сўкиб қолган Шерзод анчагача гарангсиб турди. Чамаси 20 метрлар  узоқда  ўт олиб турган Nexia автомашинасига кўзи тушди-ю гандираклаб у томон юрди. Терговда у:

— Ичида ҳайдовчи бўлса керак, деб ўйлагандим. Қарасам, ҳеч ким йўқ. Калити ўзида. Уйга етиб олай дедим. Ўғирлаш хаёлимда ҳам йўқ эди. Маст эдим, воқеани элас-элас эслайман,–  дея кўрсатма берди.

Уйи ёнида тўхтатиб, уйга киргач қаттиқ уйқуга кетган Шерзод эртаси куни  ички ишлар органлари ходимлари  ташрифидан сўнггина  бировнинг автомашинасини ўғирлаб кетганлигини англади.

— Автомашина бус-бутун, соз ҳолатда эгасига қайтарилди,– дейди мазкур ишни юритган Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Шерзодга нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддасига аосан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов жараёнида унинг айби далиллар билан тўлиқ исботланди ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди.

Шерзод, жинояти учун қонун олдида жавоб берди. 

Барча янгиликлар

Text to speech