30 Октябр 2024 йил 91

Мастлигидан фойдаланмоқчи эди

Азиз 20 ёшида босқинчилик жинояти учун 9 йилга қамалганди. Амнистия муносабати билан жазо муддати қисқартирилиб, 2015 йилда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди. Афсуски, Азиз бундан тегишли хулоса чиқармади. Бир йил ҳам ўтмай 2016 йилда ўғирлик жиноятини содир этди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади, дейилади халқ мақолида. Бироқ у кўр бўлмай туриб қайта-қайта ҳассасини ҳам, йўлини ҳам йўқотиб бораверди. Талончилик жинояти учун 2022 йилда жазо муддатини ўтаб қайтган Азиз ҳадеганда  фойдали меҳнат билан шуғулланиш, ҳаётини изга қўйиш ҳақида жиддий ўйламади. Оила қурмаган, маълумоти ўрта йигит ота-онасининг  топганига шерик бўлиб ўтиришдан ор қилмади. Баъзи-баъзида кунлик ёлланма меҳнатга чиққанини ҳисобга олмаганда, у деярли ота-онанинг қарамоғида эди.

— 30 ёшдан ошган шахс келажаги, келгуси ҳаёти ҳақида қайғуриши, орзу-ҳавасларини амалга ошириш учун интилиши керак, аслида. Ота-онаси, яқинларига ёрдам бериш, одамийлик бурчини бажаришга ҳаракат қилмоғи лозим. Бироқ Азизга бу туйғулар ёт эди. У ишламай пул топиш, енгил ҳаёт кечиришни афзал билувчи, панд-насиҳатларни эшитишга тоби йўқ, жиззаки, фақат ўзини ўйловчи шахс эди, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов, – Болалигидан ота-онаси доимо ишда бўлган, кўпинча у ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ўз ўрнида ота онаси тарбиялайди деб, онаси отаси тарбиялайди, деб тарбияга суст эътибор беришган. Кейин эса бутунлай издан чиқариб юборишган. Кўча тарбиясига тушиб қолган Азизни қайтаришнинг имкони бўлмагач эса тақдирга тан беришдан ўзга чора тополмаган. 

Азиз 2023 йилнинг18 сентябрида соат 17.00 ларда Яшнобод тумани Бирлашган кўчасида кетаркан, рўпарасидан мастликдан тебраниб келаётган 1992 йилда туғилган Дилшодни учратиб қолди. Унинг эътиборини Дилшоднинг қўлидаги нархи 2 миллион сўм бўлган “Samsung А-22” русумли телефони тортди. Қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўради. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариши, пиво билан сийлашини айтди. Қаҳвахонадан чиқиб,  унга яқин орадаги бозорга кириб ўтишни таклиф қилди. Йўлда Дилшод телефонини сўраганда, Азиз қаҳвахонада унутиб қолдиргани учун узр сўради. Дилшод қаҳвахонага қайтишини айтиб ортига бурилди. Бироқ қаҳвахона ходимлари телефон қолдирилмагани, истаса видеокузатувни кўриши мумкинлигини билдиришди. Дилшод кайф бўлса-да, телефонини ҳозиргина танишган шериги ўғирлаганини англади ва ички ишлар органларига мурожаат қилди.  

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида Азизнинг жиноятини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбли, деб топди ва 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.


Барча янгиликлар

Text to speech