23 Январ 2024 йил 2079

Мақсад: ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш

Ҳудудда жиноятчиликни олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида тарғибот-ташвиқот олиб бориш ички ишлар органлари фаолиятида муҳим ўрин тутади. Тошкент молия институтининг талабалари билан ўтказилган учрашув ҳам буни тасдиқлайди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ масъул ходимлари, бошқа мутасадди ташкилотлардан вакиллар, таълим муассасаси талабалари иштирок этди.

Учрашувда 2003 йилда туғилган К.Отабек томонидан содир этилган талончилик жинояти муҳокама қилинди. Сўзга чиққан ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Д.Ахмедов томонидан жиноят тафсилотлари айтиб берилди. Жумладан, К.Отабек 2024 йил 18 январь куни Чилонзор туманида фуқаро Ф.М.нинг уяли телефонини қўнғироқ қилиб олиш важи билан олиб, очиқдан-очиқ талон-тарож қилиб, воқеа жойидан қочиб кетганлиги, мазкур ҳолат юзасидан К.Отабекка нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) билан жиноят иши қўзғатилгани ва тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ёшлар томонидан бу каби жиноятларнинг содир этилишига асосий сабаблардан бири яқинлари, ота-онаси томонидан фарзанди қаерда юрганлиги, нималар билан бандлиги, кимлар билан дўстлашаётганлигига эътибор бермаслиги, фарзанди қаровсиз қолиб кетаётганлигидадир. Ёшлар томонидан арзимаган пул учун ўз келажагига тамға босаётганлиги эса янада ачинарли ҳолатдир.     

Тадбирда сўзга чиққан мутасаддилар ёшлар, хусусан талабалар томонидан содир этилаётган қонун бузилиш ҳолатлари ҳар биримизни ташвишга солувчи, мулоҳазага чорловчи масала эканлигини таъкидлашди. Ёшлар ўртасида қайд этилаётган жиноятлар, жумладан талончилик, фирибгарлик, ўғрилик каби ҳолатларнинг ҳамда кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар ва тавсиялар берилди. Йиғилиш сўнгида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун маънавий-маърифий чора-тадбирларни, Ватанга муҳаббат туйғусини кучайтириш мақсадида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech