Президентимизнинг 2017 йилдаги қарори асосида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш куни” деб белгиланиб, шу кунгача пойтахт ИИББ шахсий таркиби томонидан жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Чилонзор туманида ўтказилган профилактик тадбирлар эрталабки йўриқномадан бошланди. Туман сектор раҳбарлари ва барча ташкилотлар мутасаддилари иштирокида ўтказилган йўриқномада кун давомида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилиб олинди. Шунингдек, ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятларга қарши курашиш ойлиги” доирасидаги тадбирлар режалаштирилди.
Шундан сўнг, Чилонзор тумани 3-сектор раҳбари, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Неъматулло Хайдаров “Кўркам” маҳалла фаоллари иштирокида тумандаги сув ҳавзаларидан бирида содир этилган ўғирлик жинояти муҳокамасини ўтказди. Унда жиноятчиликка йўл қўймаслик, уни олдини олиш борасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб борилди.
“3-Чарх Камолон” маҳалла фуқаролар йиғинида туман суди судялари, маҳалла аҳли иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг қилмишларига қонуний баҳо берилиб, тегишли жазолар тайинланди.
“Бектўппи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги автотураргоҳ, бозор атрофлари, аҳоли гавжум жойларда қонунбузарликларга йўл қўймаслик, жамоат тартибини сақлаш борасидаги тарғибот тадбирларига туман ИИО ФМБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари, подполковник Қ.Кўчимов бошчилик қилди.
Шунингдек, 4-сон ИИБ профилактика инспектори, капитан А.Мирзаалимов маҳалла еттилиги ҳамкорлигида “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тизими орқали “Зарқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган кўп қаватли уйлар аҳолисининг турмуш шароитлари ва муаммоларини ўрганишди. Маҳалла ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, мулкий жиноятларга қарши кураш борасида тарғибот ишлари олиб борилди. “Чилонзор буюм бозори савдо комплекси”, “Тошкент савдо маркази” бозорлари ҳудудида 5-сон ИИБ бошлиғи, подполковник Т.Ҳолиқов, профилактика ҳамда патруль-пост хизмати инспекторлари ҳамкорлигида “Хавфсиз ҳудуд ва мулкий турдаги жиноятларга қарши курашиш ойлиги” доирасида аҳоли кенг қатламларини жалб қилган ҳолда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бордилар. Бу каби тадбирлар барча туманларда ўтказилмоқда.