Ўқимаганни «ўқимаганда...» дейсану шу билан ортиқча гапга ҳожат қолмайди. Аммо ўқиган, оқ-қорани таниган, олий маълумотли йигитнинг...
Суд томонидан унинг қилмишларига қонуний баҳо берилди. Келинг, сиз ҳам унинг қилмишлари билан танишиб, ўзингиз хулоса қилинг.
Бунёд 2021 йилда нуфузли олийгоҳни битириб ҳам маош камлигини баҳона қилиб ишга кирмади. Ўз касбини юқори маошга лойиқ деб такаббурлик қилар, аммо юқори маошли ишларга тажрибаси йўқлиги сабабли қабул қилишмасди. Шу алфозда нима иш қилишини билмай, қандай пул топиш кераклиги ҳақидаги саволлар миясида ғужғон ўйнаётган маҳалда таниши қўнғироқ қилиб қолди. Бунёдни ўқиган, таниш-билиши кўп, жилла қурса тўғри, оқилона маслаҳат беради, деган ниятда:
– Бунёд, қизим қўшни республика университетида таҳсил олади. Ўзингга маълум ҳали «ковид» деган савил тугагани йўқ. Онлайн ўқишга ўтган. Бу ёғи бориб-келиш харажатлари. Қизимизга бирон нарса бўлса нима қиламиз. Биз бу ерда, қизимиз у ерда... Ўқишини Тошкентга кўчиришнинг иложи борми? Шунга ёрдам берсанг. Ҳар ҳолда йўл-йўриғини биласан.
Дабдурустдан, етти ухлаб тушига кирмаган бу таклиф ҳақида Бунёд нима дейишини билмай каловланганди, нариги томондаги овоз буни ўзича тушуниб:
– Харажатидан қочмайман. Фақат иш битса бўлгани, – дея пулга шаъма қилди ва Бунёднинг ичида нимадир жонлангандек бўлди.
Миясида «ялт» этган учқун унга «йўқ, бу иш ҳақида тушунчага ҳам эга эмасман. Менинг қўлимдан келмайди», деб жавоб қайтаришига тўсқинлик қилди. У режасини пишитиб олиш ниятида танишига сўраб-суриштириб кўришини айтиб, умидвор қилди.
Иш бор-йўғи ўқишни Қозоғистондаги университетидан Тошкент давлат педагогика университетига кўчириш. У бу иш қандай бажарилиши ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмай туриб, ўз хизматини 7.000.000 сўмга нархлади. 2021йилнинг 26 декабрида 6.000.000 сўм, 2022 йилнинг 31 мартида 1.000.000 сўм пулни қўлга киритди. Аммо ўқув даргоҳининг кўчасига кириб ҳам чиқмади. Ўз Ватанида ўқишидан хурсанд бўлган қиз курсдоши – ўзбекистонлик Жўрабекка тўлқинланиб гапирганида, у ҳам бу ҳақда анчадан бери ўйлаб юрганини айтиб, ундан йўл-йўриғини суриштирди. Қиз Бунёднинг телефон рақамини берди. Бунёд 2022 йилнинг январь ойи охирларида «холис хизматлари» учун Жўрабекдан 7.500.000 сўм олди. «Холис хизмат» ҳақидаги гаплар Татаристон республикасидаги университетида ўқиб, Ўзбекистондаги муқобил олийгоҳлардан бирига ўтказиш ниятида юрган Нурбекнинг ҳам қулоғига етди. Унинг ўқиши «нуфузли» бўлгани учун хизмат ҳақи 39.000.000га баҳоланди. Ҳа, ўқитувчи қаёқдаю, иқтисодчи қаёқда.
Талабаларнинг қўнғироқларига «ана бўлар, мана бўлар», деб вақтни чўзгани билан олийгоҳлар ўзгариб қолмади. Ваъда қилинган олийгоҳларда ўз исм-шарифларини кўрмаган, олийгоҳ маъмуриятларидан бундай талабалардан аризалар тушмаганлиги ҳақида сўраб-суриштириб, чув тушганини англаган талабалар ички ишлар идораларига мурожаат қилишди.
– Бунёд ўша вақтда юртбошимизнинг хорижда ўқиётган талабаларнинг Ўзбекистон олийгоҳларига ўтказиши ҳақидаги қарорига кўра мижозлари тўғридан-тўғри республикамизнинг муқобил олийгоҳларига ўтишига ишонган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Рустам Женбиев. – Лекин, бундай бўлмади. Ахир улар ариза билан мурожаат қилмаганларда. Аслида талабаларнинг ўзлари олийгоҳ маъмуриятига учрашиб, ариза бериб, тегишли ҳужжатларни тақдим этишганларида муаммолари қонунан ҳал қилинган бўларди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Бунёдни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «Б» банди («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Айбланувчи томонидан етказилган зарар ихтиёрий равишда тўлиқ қоплангани, жабрланувчиларнинг унга моддий даъвоси йўқлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини, илгари судланмаганлигини инобатга олиб, суд Бунёдни иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.