Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ бир гуруҳ масъуллари Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида таҳсил олаётган 2 ва 3-босқич тингловчилари билан маҳорат сабоқлари машғулотларини ўтказишди. Дастлаб пойтахт ҳудудида ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг ҳолати, хотин-қизлар ўртасида қайд этилаётган жиноятчилик ҳолатлари ва уларнинг таҳлиллари туманлар кесимидаги маълумотлар тингловчилар эътиборига ҳавола этилди. Аҳолининг бу қатлами иштирокидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилгач, уларнинг олдини олиш бўйича тингловчиларнинг ҳам фикри, таклифини ўрганиш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди. Табиийки, очиқ мулоқот қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. Тингловчилар ўз фикрлари ва таклифларини дадил баён этишди. Тингловчиларнинг ўз касбларига бўлган қизиқиши ва ижобий ёндашишлари йиғилганларнинг эътиборидан четда қолмади. Учрашув сўнгида ходимлар тингловчиларнинг саволларига батафсил жавоблар беришди. Фаол тингловчиларга бадиий ва дарслик китоблари ва услубий қўлланмалар тарқатилди. ИИВ академияси раҳбарияти бу каби ҳар икки томон учун фойдали ва зарур бўлган мулоқотларни тез-тез ўтказиб туриш лозимлигини таъкидлаб, ИИББ раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди.