Шаҳри азим Тошкентни тинч ва фаровон шаҳарга айлантириш, пойтахт ҳудудида осойишталик, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Тошкент шаҳар ИИББ тизимлари соҳавий хизматларининг асосий вазифаларидан. Ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликларни жамоатчиликка етказиш, улар иштирокида жамоавий таъсир чораларини қўллаш, фуқароларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида уларни муҳокама этиш жараёни ўз самарасини бермоқда. Бунга мисол тариқасида куни кеча пойтахтнинг Сергели тумани “Қипчоқ” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлиб ўтган йиғилишни келтириш мумкин. Йиғилишда маҳалла ҳудудида содир этилган талончилик жинояти маҳалла еттилиги, фаоллари ҳамда маҳалла аҳли иштирокида кенг муҳокама этилди. Воқеа тафсилоти ҳақида хабардор этилган йиғилганлар нафақат мазкур жиноят, балки бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, шу йилнинг январида Президентимиз томонидан қабул қилинган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб, олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш борасида ҳам таклиф ва мулоҳазалари билан бўлишишди. Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ўрганилиб, масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, келгусида бу каби жиноятларга йўл қўймаслик мақсадида маҳалла ҳудудидаги 21 та ёритиш чироқларни алмаштириш, 14 та янги чироқлар ҳамда 50 тага яқин видеокамералар ўрнатиш, профилактик тадбирларни амалга ошириш, доимий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшимча Патруль-пост хизмати экипажини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.