Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “Мен кучли аёлман!” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич ўтказиб келинмоқда. Мазкур лойиҳа туфайли кўплаб аёл-қизларимиз ўз ҳаёт тарзини ижобий тарафга ўзгартирди, оилаларини тиклади, руҳий ва маънавий озуқа олди, ўзига ишонч ва рағбат ҳиссини туйди, касб-корга, ҳуқуқий билимларга эга бўлдилар.
Лойиҳанинг 4-босқичи ҳам якунланди. Бунга қадар кенг омма томонидан билдирилган катта қизиқиш лойиҳанинг жамиятга керак эканлигини, қайд этилган ижобий натижалар уни амалий ўрганиш ҳамда республикамизга кенг ёйиш мумкинлигини кўрсатди.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 27 апрелида Республикамиз ИИВ Маданият саройида пойтахт ИИББ Тошкент шаҳар тажрибаси асосида “Мен кучли аёлман!” форуми ўтказилди. Мазкур тадбирда ИИВ, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси (бўлимлари) бошлиқларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари қатнашдилар.
Форумда пойтахт ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатов сўзга чиқиб, бош бошқарма соҳавий хизматлари томонидан олиб борилаётган ишларни таъкидларкан, хусусан лойиҳа борасида олиб борилаётган салмоқли ишларга урғу берди.
Сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шахноза Султанова, ўз нутқида аёлларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясидалигини алоҳида таъкидлади.
Лойиҳани кузатиб бораётган, унинг натижалари ҳақида тўлақонли маълумотга эга бўлган тадбир иштирокчилари ушбу лойиҳани кенг ёйиш, жойларда тадбиқ қилиш борасида ўзаро келишиб олишди.
Шунингдек, форум қатнашчилари пойтахтда жойлашган “Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази”, Бош бошқарма Ягона тезкор бошқарув маркази, Тошкент шаҳар ишсизларни қайта касбга ўқитиш маркази фаолияти билан яқиндан танишишди, ИИББ қошидаги “Шон-шараф” музейига ташриф буюришди. Тадбир сўнгида меҳмонлар эътиборига “Жаннат - оналар оёғи остида” фильми намойиш этилди.