Жорий йилнинг 9 февралида пойтахтнинг Бектемир туманида яшовчи фуқаро Х.Худайберганов ички ишлар органларига мурожаат қилиб, туман кўчаларидан бирида тунги вақт кетаётганида, номаълум шахслар орқасидан келиб елка қисмига мушт тушириб йиқитгач, чўнтагидаги “Redmi 7” телефонини олиб қочганлигини маълум қилади. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан тезкор чора-тадбирлар кўрилиши натижасида, мазкур талончиликни содир этган шахслар аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушландилар.
Куни кеча туманнинг “Бектемир” маҳалласида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, туман ИИО ФМБ масъуллари, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, маҳалла еттилиги, аҳоли ҳамда тегишли идора мутасаддилари билан биргаликда мазкур талончилик жинояти кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Унда сўз олганлар жиноят тафсилотлари, унинг таҳлили, келиб чиқиш сабабларига батафсил тўхталиб, эътиборни унинг илдизига қаратиш лозимлигига урғу беришди. Шунингдек, ҳар бир содир этилган жиноий ҳаракат, ҳуқуқбузарликларни кенг омма эътиборига олиб чиқиб, айбдорларнинг иштирокида муҳокама қилиш, жамоавий таъсир чораларини қўллаш, сайёр судлар мажлисини йўлга қўйиш каби таклифлар ҳам тушди. Муҳокама сўнгида ҳар бир маҳаллада Президентимизнинг жорий йилнинг январь ойида қабул қилган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бандларини ижросини таъминлаш ҳар қандай турдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, қарорда айтилганидек барвақт олдини олиш бўйича ҳамкорликда олиб борилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар таъкидланиб, қўшимча топшириқлар белгилаб олинди. Муҳокама қизғин ва баҳс-мунозарали руҳда ўтиб, йиғилганлар огоҳлик ва хушёрликни кучайтириш орқали маҳалла осойишталиги, фуқаролар тинчлигига эришиш мумкинлигини қайд этишди.