28 Апрел 2024 йил 2429

Кўп қаватли уйларни сотиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар уй учун тўловларни олиб, фирибгарлик содир этган

Тошкент шаҳар ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширганлиги, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмаганлиги сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича, 1977 йилда туғилган Шарипов Обид Арипович “MAX-HOUSE-GROUP” МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари 1982 йилда туғилган Осимов Ахтам Ахмадович ва 1989 йилда туғилган Самандаров Азизбек Алижоновичлар билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.

Жумладан, О.Шарипов МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишлигини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган. Ваҳоланки, ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳеч бир мутассадди ташкилотлардан рухсат олмасдан ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмасдан, кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишлигини билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ("Фирибгарлик") билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида А.Шариповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар А.Самандаров ва А.Осимовлар терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки қидирувдаги шахсларнинг қаерда эканлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-28, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Барча янгиликлар

Text to speech