13 Сентябр 2024 йил 607

Ким уй орзусида, ким пул қайғусида

Кенг, шинам ва кўркам гўшанг бўлса, ўз хонанг, болаларнинг ҳам кичик бўлса-да хосхонаси бўлса-ю, ишдан ҳориб-чарчаб келганингда ётиб дамингни олсанг, қандай яхши. Ҳозир эса Кларанинг бундай шароити йўқ. Онаси ва икки нафар фарзанди билан кичик ҳажмдаги бир хонали уйда тиқилиб яшашга мажбур. На онасининг, на ўзи на фарзандларининг алоҳида макон бўшлиғи бор. Аммо у умидини узмайди. Бир кун келиб кенг, ёруғ ва шинам ўз уйи бўлишига ишонади. Бунинг учун озмунча ҳаракат қилаётгани йўқми? Қуш тинса тинади-ки, Кларанинг тиними йўқ. Албатта, уйли бўлади! Шундай орзулари тўлиб-тошиб юрган кунларнинг бирида унга аввалдан таниш бўлган 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз бўлган Бобурни учратиб қолди. Эски танишлар яқин атрофдаги ошхонага кириб суҳбат қуришди, ёшлик дамларини хотирлашди. Гап гапга уланиб, шахсий ҳаёт мавзусига бурилди. Клара оилавий шароитини айтиб, энг катта мақсади уй олиш эканлигини айтди. Бобур Кларанинг уй олиш илинжида ҳар нарсага тайёр эканлигини сезди ва бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишни кўзлади.

– Банкда танишларим бор, қурилиш компаниясида энг яқин оғайним ишлайди. Гаплашиб кўрай-чи, чунки яқинда бир ўртоғимга уй олишда ёрдам бергандим. Зора сенга ҳам фойдам тегса.

Бобур Кларага умид учқунларини берди ва янги қурилаётган уйлардан бирини субсидия орқали қулай нархларда олиб беришни ваъда қилди. У 2021 йилнинг март ойидан апрель ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб олиш йўли билан жабрланувчидан 8.700 АҚШ долларини олиб изсиз кетди.

– Шунча пулни берган жабрланувчи бирор марта “қани мен ҳам сен билан борай, кимга пулни бераяпсан, қандай ҳужжатларга имзо чекаяпсан, бирров сўраб-суриштирай” демаганига,  кўр-кўрона ишониб қолганига ажабланасан, киши, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Отабек Камалов. – На бир тилхат на бир гувоҳ иштирок этмаган бу олди-бердини исботлаш учун кўп вақт кетди. Афсуски, фирибгарликнинг турлари кўпайиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда қайта-қайта огоҳ этишингизга қарамай, соддадил фуқароларимиз чув тушиб қолишмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Бобурнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни, яъни оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдага келтирган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан  айбли деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.


Барча янгиликлар

Text to speech