Ёшлар – ниҳол, қай томонга бурсанг ўша томонга эгилади. Унинг тўғри ва яшнаб ўсиши биз катталарнинг парваришига боғлиқ. Келажагимиз пойдевори бўлмиш фарзандларимизнинг келгусида бахтли, фаровон ҳаёт кечириши уларнинг тарбиясига масъул бўлган биз – катталарнинг вазифасидир. Бу борада пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази томонидан қатор ижобий, эътироф этишга арзигулик ишлар амалга ошириб келинмоқда.
- Маълумки, тарбиянинг умумий ижтимоий вазифаси – ёш авлод онгу-шуурида билим, кўникма, ижтимоий тажриба ва ахлоқ меъёрларини шакллантиришдан иборат. Айрим ҳолатларда ота-оналар балоғат ёшидаги фарзанди билан тил топиша олмайди. Шу сабаб ўсмирлар томонидан оилавий низолар, келишмовчилик, уйдан қочиш ва турли ҳуқуқбузарликлар содир этилиши кузатилади. Мана неча йиллардирки, Марказимиз томонидан бу каби ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида, зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда, - дейди суҳбат чоғида Марказ бошлиғи подполковник Камолиддин Завқиев.
Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Марказига қаровсиз қолган, адашган, бедарак йўқолган, ижтимоий ва бошқа хавф остида қолган, ўз уйидан ўзбошимчалик билан чиқиб назоратсиз юрган ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган болалар қабул қилинади. Марказ фаолиятининг асосий мақсади, вояга етмаганлар ва ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ўтиш даври саналган балоғат ёшида уларга тўғри йўл кўрсатиб, жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш, тарбияланувчиларга психологик ёрдам кўрсатишдир. Шунингдек, ота-она ва фарзанд ўртасидаги ижтимоий-психологик муаммоларни бартараф қилиш юзасидан нафақат вояга етмаган болалар, балки уларнинг ота-оналари билан ҳам профилактика ва психологик хизмат кўрсатиш йўналишида комплекс ишлар амалга оширилади.
Ўсмирлар – ёшларнинг алоҳида тоифаси бўлиб, улар ҳимояга муҳтож асосий қатламлардан биридир. Улардаги ўтиш даври психологик жиҳатдан мураккаб бўлиб, ёш ниҳол каби қаерга бурса, шунга оғиб кетишга мойилдирлар. Бу йўлда Марказ томонидан таълим муассасалари ва маҳаллаларда ўсмирларни эгри йўлдан асраш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган мақсадли вазифалар мунтазам равишда амалга ошириб келинади.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ташаббуси билан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, вояга етмаган болалар ва ёшларга тиббий, ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва педагогик ёрдам кўрсатиш, маънавий-маърифий ривожланишига ҳисса қўшиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, салбий хулқ-атворни юзага келишига туртки бўлаётган омилларни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш, вояга етмаган ва ёшлар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайри-ижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Марказда 2023 йил ҳисобида тўрт босқичда, 2024 йилнинг шу даврига қадар икки босқичда махсус ўқув курси ўтказилди.
Шу ўринда, Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази “Транзит” мақомига эга бўлиб, хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фарзандларини Ватанимизга қайтариш борасида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб келаётганини таъкидлаш лозим.
Марказ бошлиғи, К.Завкиев, вояга етмаган болалар ва ёшларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиб, соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларни баркамоллик, ватанпарварлик руҳида камол топиши, улғайишларида ўз ҳиссасини қўшаётганидан фахрланишини билдириб, келгусида мазкур ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда такомиллаштиришда ўз хизматини аямаслигини ғурурланиб таъкидлади.